Андижон 24

Дала ошхонасининг бўтқаси


09.05.2018   2266

Хотира майдонига туташ ҳудудларни шу куни ҳарбийлар “забт” этишди. Улар томонидан ташкил қилинган жанговар қурол-аслахалар намойиши барчанинг, айниқса, ёшларнинг эътиборини тортди.

-Бу 60-миллиметрли миномет, - тушунтирмоқда ўқчи аскар қизиқувчиларга. - Окуляр ёрдамида нишон мўжалга олиниб, зарур баландликка йўналтирилади...

Ўқ ўтмас каскани бошига кийган, рация қурилмасини қулоғига тутган ёки милтиқ қўндоғини елкасига тираган холда суратга тушаётганларнинг охири кўринмайди!

Айниқса, дала ошхонаси ва унинг ёнидаги палатка атрофи гавжум.





-Бу КП-130 русумли дала ошхонаси, -уктиради кичик сержант Акмал Рисқалиев. – 4 та қозони бор. Уларда икки хил овқат тайёрланади. Чой дамлаш ва идиш ювиш мақсадида сув қайнатилади. Ўтин ва мазутга ишлайди. Дала ошхонасида бир вақтнинг ўзида 130 нафар аскарга етадиган таом пиширилади.

Ошпазлар аскарлар котелогида ёшу кексаларга бир порциядан гречкали бўтқа улашишмоқда. Биз ҳам танавул қилиб кўрдик. Мазаси оғзимизда қолди.

-Ўзимни гўё фотоюлдуздай хис қилдим, -давом этади Акмалжон ҳурсандчилик билан. – Эсдалик учун тасвирга олувчилардан бўшамадик.

Дарҳақиқат, Хотира майдонига келганларнинг деярли барчаси 2018 йил 9 май тарихий санасини муҳрлашга интилардилар.

Ҳарбий намойишга саф тортган техника воситалари орасида энг “кекса”сини суратга туширамиз ва унинг ҳайдовчисини суҳбатга тортамиз.

-Бу “ЗИЛ - 157” русумли юк машинаси, -таърифлайди “оқсоқол” уловни аскар Жамшидбек Зокиров. – Машина 110 от кучига эга. 22 нафар аскарга мўлжалланган. Гарчи 1958-1961 йилларда ишлаб чиқарилган бўлса-да, ҳозирга қадар бақувват.

«auz.uz» online гуруҳи