ЖАМИЯТ

БУНЁДКОРЛИК ИШЛАРИ КЎЛАМИ ЯНАДА ОРТАДИ


07.01.2021   1830

Ортда қолган йил ўзига хос мураккабликларга бой бўлди. Бироқ, халқимизнинг иродаси йиллар давомида метинлашиб, ҳар қандай машаққатни сабр-тоқат билан, ақл билан енгиб ўтишга кўниккан. Бутун жаҳонга салбий таъсирини кўрсатган пандемия шароитида ҳам деярли барча соҳаларда инқироз ҳолати юзага келмади. Чунки, биз пандемия шароитида яшаб, меҳнат қилишни ўзлаштирдик. Карантин қоидаларига қатъий риоя этган ҳолда халқимиз турмуш даражасини яхшилаш учун зарур бўлган барча шароитларни яратдик. Жумладан, аҳолини тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини бир сония бўлсин сўндирмаслик учун икки баробар ортиғи билан меҳнат қилдик. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидланганидек: “Якунланаётган йилда марказлашган ичимлик сув таъминотини яхшилаш учун 3 триллион сўм ёки 2016 йилга нисбатан 5 баробар кўп маблағ ажратилди. Натижада аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 73 фоизга етди”.

Андижон вилоятида ҳам ҳудудларни сувлаштириш мақсадида жорий йилда барча манбалар ҳисобидан 221 млрд. сўмлик бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Бунинг натижасида 115 тадан ортиқ маҳаллаларда яшовчи 110 минг нафарга яқин аҳоли илк бор ичимлик суви билан таъминланган бўлса, 163 минг нафар аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланишига эришилди. Биргина, Шаҳрихон туманида ичимлик суви таъминоти оғир бўлган 50 та маҳаллаларда қарийиб 42 млрд.сўм маблағ ҳисобига 64 дона сув қудуғи ва 227 км сув тармоғини қуриш ҳамда таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Марҳамат туманининг қўшни Қирғизистон билан чегарадош бўлган Қорабоғиш, Чилон, Роҳат, Тошлоқ, Қўрғонча ва Шаҳристон маҳаллаларида яшовчи аҳоли 28 йил давомида ичимлик сувини сой ва каналлардан ташиб ичган. Орадан ўтган вақт мобайнида аҳолига имкон қадар транспорт воситаси орқали сув етказиб берилди. Амалга оширилган хайрли ишлар туфайли айни пайтда ушбу маҳаллаларда яшовчи 12 минг нафардан ортиқ аҳолига марказлашган ҳолда тоза ичимлик суви етказиб бериш йўлга қўйилди.

Тан олиш керак, ҳудудларга тоза ичимлик суви етказиб бериш таъминоти электр энергияси таъминоти билан узвий боғлиқ. Агар энергетика соҳасида узилиш юзага келадиган бўлса, аҳолига ичимлик суви етказиб беришдаги таъминот ҳам тўхтаб қолади. Бироқ, бу сабаб бўлмаслиги керак. Мавжуд муаммони енгиш учун янги лойиҳаларни амалга тадбиқ этиш мақсадга мувофиқдир. Шу боис республикада илк бор фотоэлектр станциясини синовдан ўтказдик. Электр таъминоти оғир ҳудуд бўлмиш Улуғнор туманида электр тежамкор ушбу станция натижасида 2 минг нафардан зиёд аҳолининг кун давомида ичимлик суви билан таъминланишига эришдик.

Бир сўз билан айтганда, ортда қолган йилда ичимлик сув тизимида амалга оширган ишларимиз натижасида вилоятни ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 81,4 фоиздан 83 фоизга ҳамда оқава сув билан таъминланиш 6,2 фоиздан 6,5 фоизга кўтарилишига эришилди. 2021 йилда бу кўрсаткич янада ортади. Зеро, Инвестиция дастурлари доирасида вилоятимиздаги 7 та йирик объектлар учун 110 млрд. сўм маблағ ажратилиб, ушбу объектлар 2021 йилнинг ўзида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Олдимизга қўйган вазифалар ижроси табиийки, халқимиз турмуш даражасин яхшилашга хизмат қилади.

Шухратбек МАТМУСАЕВ,

“Андижон сув таъминоти” МЧЖ директори