ЖАМИЯТ

БРЮССЕЛДА МАРКАЗИЙ ОСИЁ ДАВЛАТЛАРИ ВА ЛИТВА ЭЛЧИЛАРИНИНГ УЧРАШУВИ БЎЛИБ ЎТДИ


15.07.2023   281

Ўзбекистоннинг Белгиядаги элчиси Дилёр Ҳакимов Литванинг Брюссель шаҳрида жойлашган Европа Иттифоқидаги доимий ваколатхонасида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари ва Литва Республикаси элчиларининг учрашувида иштирок этди.

Литва Республикаси элчиси Арнолдас Пранкевичюс ташаббуси билан ўтказилган ушбу тадбирда Қозоғистон дипломатия ваколатхонаси раҳбари Маргулан Баймухан, Қирғизистон элчиси Айдит Эркин, Тожикистон элчиси Музаффар Ҳусайинзода ва Туркманистон элчиси Сапар Палванов қатнашди.

Дўстона ва очиқлик муҳитида ўтган учрашувда элчилар Марказий Осиё давлатларининг Литва ва умуман, Болтиқбўйи давлатлари билан анъанавий яқин муносабатлари, шунингдек, ўзаро манфаатли ва кўп қиррали муносабатларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Дипломатия ваколатхоналари раҳбарлари ўз мамлакатларининг Литва билан сиёсий мулоқоти ва савдо-иқтисодий ҳамкорлиги даражасини юқори баҳоладилар.

Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар, жумладан, Болтиқбўйи мамлакатлари минтақамизга барқарорлик, яхши қўшничилик ва самарали минтақавий ҳамкорликнинг намунаси сифатида қараши ҳамда эътибори тобора ошиб бораётгани қайд этилди.

Ўзбекистонда ва минтақанинг бошқа мамлакатларида амалга оширилаётган жадал ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни инобатга олган ҳолда бу борада тажриба алмашиш муҳимлиги таъкидланди.

Дипломатия ваколатхоналари раҳбарлари Марказий Осиё мамлакатлари ва Болтиқбўйи минтақаси ўртасидаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни, шу жумладан, савдо ва инвестиция, энергетика, технология ва транспорт соҳаларидаги алоқаларни ривожлантиришнинг ижобий истиқболларига алоҳида эътибор қаратдилар.

Ўзбекистон сўнгги йилларда Европа Иттифоқи институтлари ва Европа давлатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаоллаштиргани ва унинг кўламларини кенгайтиргани, бунда амалда талаб мавжуд бўлган қўшма қўшма лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этиш, республикага инвестициялар, технологияларни жалб қилиш, Европа бозорларида миллий экспортни илгари суришга устувор даражада аҳамият берилаётгани қайд этилди.