Андижон 24

БИЗНЕС-ОМБУДСМАН – ТАДБИРКОР ҲИМОЯЧИСИ


13.01.2020   1019

Мамлакатимизда бизнесни янада қўллаб-қуватлаш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини ривожлантириш ва яратилаётган шароитларни кенгайтириш орқали улар фаолиятига аралашишлар кескин камайтирилди.

Бу борада, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонунуий манфаатларини ҳимоя қилиш, жумладан бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, уларнинг муаммоларини аниқлашнинг тезкор чораларини кўриш, ноқонуний текширишларни олдини олиш мақасадида Бизнес-омбудсман институти самарали фаолият юритмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида” ПФ-5037-сонли Фармони билан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институти, яъни Бизнес-омбудсман ташкил этилди.

Бизнес-омбудсман ўз фаолиятида давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан назоратни амалга оширади, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти текширилаётганда уларни ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг амалда рўёбга чиқарилаётганлигини ўрганади.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқларига риоя этилишига доир қонун ҳужжатларининг бузилишига йўл қўйилмаслиги тўғрисида давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларга огоҳлантиришлар, бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади, маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган қонун ҳужжатлари бузилиши ҳолатлари юзасидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузади.

Бизнес-омбудсман томонидан тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини кўзлаб аризалар, даъволар ва шикоятлар билан судларга мурожаат қилади, ушбу мурожаатлар учун давлат божи тўланмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 мартдаги “Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-5690-сонли Фармонига асосан, Бизес-омбудсманнинг худудларда, жумладан Андижон вилоятида ҳам фаолият кўрсатувчи ходимлар фаолияти ташкил этилди.

Бугунги кунда, Бизнес-омбудсманнинг Андижон вилоятида фаолият кўрсатувчи ходимларига тадбиркорллардан жами 104 та мурожаатлар келиб тушган бўлиб, уларнинг 94 таси қаноатлантирилган ва ҳуқуқий тушунтириш берилган (қолган 10 та мурожаатлар ижро жараёнида). Мурожаатларнинг аксарияти маҳаллий ҳокимликлар, кадастр, банк, солиқ ва бошқа ташкилот ва идоралар билан боғлиқ масалаларни ташкил этган (ер майдони ажратиш, кредит, бино ажратиш каби).

Тадбиркорларнинг мурожаатлари ўрганилиши натижасида камчиликларга йўл қўйган 15 нафар идоралар масъул ходимларига интизомий чоралар кўрилиши таъминланди, 106 миллион сўм маблағлар тадбиркорларга қайтарилди, 3 нафар тадбиркорга 60 миллион сўм кредит маблағлари ажратилиши ҳамда 7 та тадбиркорга жами 4,24 га.ер майдони ажратилиши таъминланди.

Масалан, Андижон туманидаги фуқаро О.Хасанов, О.Ғаниев ва А.Ғаниевларнинг мурожаатида Олтинкўл тумани ҳокимлиги томонидан деҳқон хўжалигини ташкил қилиш учун ер майдони ажртиб берилмаётганлигидан норози бўлиб мурожаати бўйича, ўрганиб чиқилиб 2019 йил 19 декабрь куни ҳар бир фуқарога 35 сотихда, жами 105 сотих ер майдони ажратилиши таъминланди.

Шаҳрихон туманидаги 3 нафар якка тартибдаги тадбиркор Исақов Дониёр, Назарова Нарзига ва Шахноза Нурматовларга хунармандчиликни ривожлантириш учун ажратилмай келинаётган 60 млн.сўм кредит маблағлари кўрилган чоралар натижасида 2019 йил 16 декабрда “Агробанк” Андижон вилояти филилалидан ажратилишига эришилди.

Тадбиркорлик субъектларида ўтказилаётган текширишларнинг қонунийлигини таъминлаш борасида таҳлиллар ва ўрганишлар олиб борилмоқда, унинг натижада аниқланган хато ва камчлииклар юзасидан вакил томонидан вазирлик ва идоралар раҳбарларига бажарилиши мажбурий бўлган 5 та тақдимномалар киритилиб, нотўғри қабул қилинган 124 та қарорлар бекор қилинди, назорат қилувчи органларнинг 2 нафар мансабдор шахсларга маъмурий ва 38 нафар ходимларига нисбатан интизомий чоралар кўрилиши таъминланди.

Шу ўринда, вилоятнинг ҳудудларидаги тадбиркорлик субъектлари ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан риоя этилмаслиги юзасидан Бизнес-омбудсманнинг Андижон вилоятида фаолият кўрсатувчи ходимларига қуйидаги манзилга мурожаат қилишлари мумкин:

Андижон вилояти Андижон шаҳри, Миллий тикланиш кўчаси 24-уй. (мўлжал: Андижони вилояти Хақ қабулхонаси биноси).Телефон: 71-202-08-83.

Бизнес-омбудсманнинг Андижон вилоятида фаолият кўрсатувчи ходимлари Тадбиркорларнинг ривожланиш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича барча зарур бўлган қонуний чораларни кўради.

М. ХОШИМОВ,

Бизнес-омбудсманнинг Андижон вилоятида

фаолият кўрсатувчи бош инспектор.