Андижон 24

БИОМЕТРИК ПАСПОРТ: АЛМАШТИРИШ МУДДАТИ ТУГАДИ. ЭНДИ НИМА БЎЛАДИ?


14.01.2020   7769

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 23 июндаги“Ўзбекистон Республикасида паспорт тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижросини таъминлаш юзасидан кейинги йилларда вилоят ички ишлар бошқармаси Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси томонидан муайян ишлар амалга оширилди. «auz.uz» мухбири шу хусусда бошқарма бошлиғи, подполковник М. Раҳимов билан суҳбатлашди.

-Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
30 июндаги 494-сонли Қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун биометрик паспорт алмаштириш муддати 2019 йилнинг 31 декабрига қадар узайтирилганди. Охирги муддат ҳам ниҳоясига етди. Вилоятимизда бу жараённинг сарҳисоби қандай бўлди?

- Юқоридаги Фармон талаблари асосида вилоятимиз бўйича 2 млн. 115 минг 967 нафар фуқаро электрон қурилмаган эга бўлган биометрик паспорт билан таъминланиши белгиланган эди. Қонунчиликда белгиланган тартиб бўйича расмийлаштириш жараёни ўтган йилнинг 6 ойи якуни бўйича ниҳоясига етказилди.

2019 йил давомида вилоят бўйича жами 122 минг 215 нафар шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортлари расмийлаштириб берилди. Шу давр ичида янги кўринишдаги паспорт олиш учун мурожаат қилган 1 минг 347 нафар шахсга маҳаллий ҳокимликлар ҳамда ҳомийлар ҳисобидан давлат божи тўлаб берилиши ишлари ташкиллаштирилди.

2018 йилда 4 минг 110 нафар, 2019 йилда 4 минг 345 нафар вилоят ҳудудида яшовчи ёши кексалар, ногиронлиги бўйган шахсларни уй шароитда мобиль қурилма ёрдамида Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортлариберилиши таъминланди. Ҳозирда 364 нафар кекса ёшдаги, пенсия ва нафақа олувчилар Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти билан ҳужжатлаштириш ишлари давом этмоқда.

-Маълумотларга қараганда аввалги фуқаролик паспортини ҳамон янгисига алмаштирмаганлар бор экан. Бунинг сабаби нимада?

-Дарҳақиқат, бундайлар бор. 1994 йил намунасидаги фуқаролик паспортларини Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспортига алмаштирмаганлар ҳозирда 1 минг 515 нафарни ташкил қиляпти. Улар асосан чет элга турли мақсадларда узоқ муддатга чиқиб кетган, озодлиқдан маҳрум қилиниб жиноий жазо муддатини ўтаётган ҳамда қидирувда бўлган шахслардир.

-Маълумки, эндиликда эски намунадаги (нобиометрик) фуқаролик паспортини янгиси (биометрик)га алмаштирмаганлар, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексга мувофиқ, 111 минг 500 сўмдан 669 минг сўмгача миқдорда жарима тўлашга мажбур бўлишади. Мазкур жарима миқдори нимага асосланиб белгиланади?

-Амалдаги қонунчиликка кўра, Ўзбекистонда паспорт тизими қоидаларини бузганлик учун маъмурий жаримани тайинлашда тоифага бўлинмаган. Бироқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 30-моддасида маъмурий жазо қўлланилишининг умумий қоидалари белгиланган. Шунга мувофиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жазо ушбу Кодекс ва бошқа норматив ҳужжатларда белгилаб қўйилган доирада ва тартибда қўлланилади.

Жазони қўлланиш чоғида содир этилган ҳуқуқбузарлик хусусияти, ҳуқуқбузарнинг шахси, унинг айбдорлик даражаси, мулкий аҳволи, жавобгарликни енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатлар ҳисобга олиниши белгилаб қўйилган.

Кодекснинг Махсус қисмидаги моддаларнинг санкциясида назарда тутилган энг кам жазодан ҳам камроқ жазо ёки ушбу моддада назарда тутилмаган бошқа янада енгил жазо чорасини қўллаши мумкин. Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқувчи бошқа орган (мансабдор шахс) жавобгарликни енгиллаштирувчи ҳолатларни ва ҳуқуқбузарнинг моддий аҳволини инобатга олган ҳолда, енгилроқ маъмурий жазо чорасини қўллаш тўғрисидаги масалани ҳал этиш учун ишни маъмурий судга юборади.

-Биометрик паспорт ололмаганлар зарурат бўлиб қолса (масалан, хорижий давлатга чиқиш, давлат идораларига мурожаат қилиш ва ҳ.к.) энди нима қилишади?

- Агар фуқаро давлат идораларига мурожаат қилмоқчи бўлса, “Ўзбекистон Республикасида паспорт тизими тўғрисида”ги Низомга кўра иш тутади. Яъни, мамлакатимиз ҳудудида доимий яшовчи фуқаро паспорт олиш учун маълумотларни йиғиш пунктига тегишли ҳужжатларни тақдим қилади. Улар белгиланган шаклдаги ариза, илгари берилган паспорт, туғилганлик ҳақида гувоҳнома (биринчи марта расмийлаштирилаётганда), давлат божи тўланганлиги ҳақида квитанциядан иборат.

Низомнинг 19-бандида ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаб, Қуролли Кучлар резервига бўшатилган ва паспорти бўлмаган ҳарбий хизматчилар қай тарзда янгисиниолишлари кўрсатиб ўтилган.

Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 26 декабрдаги Қарорига мувофиқ, ўтган йилнинг 1 январдан бошлаб, мамлакатимиз фуқаролари учун хорижга чиқиш биометрик паспорти жорий қилинган. Фуқаролар хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун доимий рўйхатда турадиган жойларидаги маълумотларни йиғиш пунктига ёки консуллик рўйхатига олинган маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат этишлари жоиз.

Фуқаронинг доимий рўйхати мавжуд бўлмаган тақдирда хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун у олдинги рўйхатда турган жойи бўйича маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилиши мумкин. Пропискага оид маълумотлар мавжуд бўлмаган ҳолларда фуқаро хорижга чиқиш паспортини олиш учун вақтинчалик рўйхатдан ўтган жойидаги маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қилиши зарур.

15 ёшдан 18 ёшгача бўлган фуқаролар ота-оналар, васийлар (ҳомийлар)нинг вояга етмаган шахснинг мустақил равишда хорижга чиқишига нотариал тасдиқланган розилиги бўлган тақдирда хорижга кузатувчисиз чиқиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижга чиқиш биометрик паспорти маълумотларни йиғиш пункти томонидан ҳужжатлар қабул қилиб олинган кундан бошлаб ўн иш кунида, хорижда эса - дипломатик почтани жўнатиш графигига мувофиқ белгиланган тартибда берилиши кўрсатиб ўтилган.