Андижон 24

Балиқчи тумани ҳокими Жасурбек Абдураимов: БУГУНГИ ЎЗГАРИШЛАРДАН АҲОЛИ МАМНУН...


10.10.2019   2017

Балиқчида 196 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг орасида бекорчиси деярли йўқ. Деҳқончиликнинг ҳадисини олганлар кўплаб топилади.

Мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Балиқчида ҳам кунда-кун ора бир янгилик, эсда қоларли воқеага дуч келасиз. Бир кун мобайнида кўрган-билганларимизни Сизга ҳам илиндик.

АКАДЕМИК ЎҚИГАН ТАЪЛИМ МАСКАНИДА...

1-умумий ўрта таълим мактабида 587 нафар ўқувчи таълим-тарбия олади. Педагогик жамоа янги инновацион ғояларни жорий этиш орқали улар билимларини мустаҳкамлашга интиляпти.

-Яқиндан буён тил ўқитиш бўйича ихтиёрий-мажбурийлик лойиҳасини амалга оширяпмиз, - дейди мактаб директори Сайёрахон Хонкелдиева. – Унинг моҳияти шундаки, мактабимизда бирорта чет тилини ўрганиш мажбурий, қайсини танлашни эса ўқувчи ва унинг ота-онаси ихтиёрий белгилайди. Бу, жуда яхши натижа беряпти.

5- ва 6-синфларга кириб, ўқувчилар билан суҳбатлашганимизда, бунга ишонч ҳосил қилдик. Бир боланинг инглиз тилидаги сўзларини иккинчиси ўзбекчага таржима қилиб, ўз билимларини намойиш этишди.

Инглиз тили тарси ва тўгарак машғулотларини тажрибали муаллимлар олиб боришяпти. Тренер-ўқитувчи Мадина Каримова, муаллимлар Шаҳноза Ҳакимова, Наврўза Ортиқова сабоқларини болалар жон-дили билан ўзлаштиришяпти. Бунда уларга америкалик педагог Элис Бритен кўмак беряпти. У Наманган давлат университетида ишлаш асносида мактабга тез-тез келиб туради. Ҳамкасбларининг муваффақиятларига ҳисса қўшиш мақсадида 73 ёшли ўқитувчи ПўлатжонТурсунов ҳам мактабга қайтди. У шогирди Наргиза Асқарова билан рус тили тўгарагини йўлга қўйди. Ҳозир Пушкин тилини пухта ўрганган болалар анча кўпайиб қолди.

Мактаб жамоасифизика-математика фанлари доктори, академик Абдулла Аъзам шу ерда таълим-тарбия олганлиги билан ҳақли равишда фахрланадилар. Устоз ўзига ҳарф ўқитган мураббийлари, таълим масканини тез-тез зиёрат қилиб туради. Ҳар сафар даста-даста китоблар билан келади. Ўқувчилар билан чин дилдан гаплашиб, болалигини эслайди.


ТАДБИРКОР МАКТАБ-БОҒЧА ҚУРЯПТИ

Икки йил илгари тадбиркор Иброҳимжон Ғаниев Кўл маҳалласида уй боғчасини ташкил этганида, кўнглидан ота-оналар болаларини олиб келишармикин, деган ўй ўтгани бор гап. Ўйчи ўйлангунча таваккалчи уйига етади, деганлари тўғри экан. Иш юришиб кетди. Ҳозир унга қарашли “Болажон-лолажон” уй боғчасида 110 бола тарбияланмоқда.

-Талабгорлар яна кўп, - дейди у. – Шунинг учун туман ҳокимлигига мурожаат қилиб, мактаб-боғча қуриш ер ажратиб беришларини сўрадим. Лойиҳам яхши баҳоланиб, талабимиз қондирилди...

Ҳозир лойиҳа сметаси 8 миллиард 430 миллион сўм бўлган 3 қаватли иншоотда қурилиш жадал давом этмоқда. Бу ерда 330 ўринли болалар боғчаси, 200 ўринли мактаб жойлашади. 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Уч ёшида шу ерга келган бола бошланғич таълимни ҳам шу ерда олиш имконига эга бўлади.

милкор одам ўзига ва бошқаларга ҳам кўп фойда келтиради. Иброҳимжон мактаб-боғчани барпо қилиш учун янги “Биллур иншоот” қурилиш фирмасини ташкил этди. Унинг қошидаги цехларда пеноблок, шпатлёвка қоришмалари ва бошқа қурилиш материаллари ҳам ишлаб чиқарияпти. Бу эса бино таннархини арзонлаштиришга хизмат қилади.

-Бу ерга қўйиладиган жиҳозлар жуда сифатли бўлади, - дейишди сиз суратда кўриб турган иш бошқарувчилар Икромжон Ғаниев ваҲакимахон Қодировалар.

УЙСИЗЛАРГА АТАЛГАН БЕПУЛ УЙЛАР

Яккатол маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида эса туман ҳокимлиги ташаббуси билан 20 та 1,5 сотикли ҳовли-жойлар қуриляпти. У кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлиги бўлган шахсларга аталган. Уни “Истиқлол ЛТД” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари бунёд этишяпти.

-Икки хона ва айвонли уйлар қурилиши маҳаллий бюджет ҳисобидан амалга ошириляпти, - дейди туман ҳокимлиги қурилиш бўлими бошлиғи Давронбек Саидқулов. – Уларнинг биттаси бор-йўғи 45 миллион сўмга битяпти. Лекин зориққан одамларга бепул берилади.

Ташкилот, корхона ва муассасалар жамоалари ҳам бундай савобли ишдан четда туришмаяпти. Бири қум, шағалдан ёрдам берса, бошқаси тахта-ёғочдан кўмаклашмоқда.

Туман ҳокимлиги ва хотин-қизлар қўмитаси ана шундай уйларга талабгорлар рўйхатини шакллантирмоқда.

Суратдаги янги хонадонларда яқинда карнай-сурнай садолари янграса, уй тўйлари ўтказиляпти экан, деб ўйлайверинг.

АСЛО ҲОРИМАНГ, ПАХТАКОРЛАР!

Текис ва равон йўлдан борарканмиз, оппоқ денгиздек тўлқинланаётган пахтазорлар кўзни қамаштиради. Туманнинг 10 минг 309 гектар пахта майдонларида мўл ҳосил яратилгани кўриниб турибди. Жорий йилда 320 тонна кумуш тола, 28 минг 909 тонна буғдой топшириб, давлат режаларини муваффақиятли адо этган балиқчиликлар энди 32 минг 710 тонналик “оқ олтин” хирмонини яратишга киришдилар.

Ўзбекистон массивидаги “Наврўз” ва “Юқори Аъламлик Бекзод” фермер хўжалиги далаларида ҳали пахта кўп экан. Хўжалик раҳбарлари Иномжон Жўраев ва Ҳамидулло Мирзаевлар бу йил баракали келганини айтишди.

-Ҳар иккала хўжалик аъзолари теримда илғорлик кўрсатишяпти, - деди туман фермерлар кенгаши раиси Жасурбек Ҳамдамов.- Қаранг, шу қишлоқлик опа-сингилларимиз ҳар куни камида 60-80, баъзилари 100-120 килограммдан пахта териб, туман, вилоят ва республика хирмони юксалишига ҳисса қўшяпти.

Пахтазор томон боқарканмиз, машҳур ҳофиз, Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраевнинг “Жон қизлар” қўшиғи ёдимизга тушди:

Пахтазорда дур терарсиз, дур ўзингиз, жон қизлар,

Оқ олтиннинг хирмонида гул ўзингиз, жон қизлар,

Оқ олтиндан осмонўпар хирмон этиб, жон қизлар,

Пахтазордан ойга бошланг йўл ўзингиз, жон қизлар...

Дарҳақиқат, шундай! Эрталаб кўча супуришдан бошланган куни эл ётгандан сўнг идиш-товоқ ювиш билан тугайдиган опа-сингилларимиз пахтазорда “дур” ҳам теришяпти. Эҳ-ҳе, улар яратган хирмонлар бир жойга тўпланса эди, аллақачон Ойга етган бўларди!

Тушлик пайтида бир пиёла чой устида иккала хўжалик аъзолари билан дилдан суҳбатлашдик. Илғор теримчиларга туман ҳокимлиги ва “Андижоннома” газетаси таҳририятининг совғаларини топширдик. Совға олмаганлар эса бир жуфт шеър ила сийланди.

Балиқчиликлар шу кунгача 30 минг тоннага яқин “оқ олтин”ни давлат хирмонига тўкдилар.

Суратда кулиб турган теримчилар “маррага озгина қолди, энди ҳосил байрами тараддудига киришсак ҳам бўлаверади,” дейишди.

“СОЧИҒИМИЗ РУС ҚИЗЛАРИГА ҲАМ ЁҚЯПТИ...”

Ботир маҳалласидаги “Чинилҳом” хусусий корхонаси ташкил этилганига йигирма йилдан ошди. Ҳозир бу ерда 100 га яқин ишчи-хизматчи меҳнат қилади. Бу давр мобайнида улар анча тажриба орттирдилар. Ҳозир бу ерда ойига 1800 тонна калава ип экспортга юборилиши баробарида 3 минг килограмм сочиқ ишлаб чиқариляпти.

-Маҳсулотимизнинг асосий қисми Россия, Украина ва Белоруссияга экспортга жўнатиляпти, - дейди корхона раҳбари Алимжон Арзиқулов. – Шунинг учун ишчи қизларимиз ип йигиришдан тайёр сочиқ чиқишига барча жараённи аъло бажаришга ҳаракат қилишади.Негаки, сочиқларимизга рус, украин, белорус йигит-қизлари ҳам юз-қўл артишаётгани фахр ҳиссини уйғотади-да...

Сифат назоратини тажрибали лаборант-технолог Гулсанам Азизова амалга оширади. У цехларда бўлиб, ишчилар билан суҳбатлашиш асносида сочиқнинг пишиқлиги ва бежиримлиги ипнинг сифатига боғлиқ эканини тушунтиради. Ушбу суратда унинг ишчи Лочиной Нурматова билан шу хусусда гаплашаётгани акс этган.

МАРАФОНДА ЧОПОҒОНЛАР АНИҚЛАНДИ

Туман болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг стадиони ҳар куни ўқувчи-ёшлар билан гавжум. Улар бу ерда Президентимизнинг 5 та муҳим ташаббуси доирасида спорт мусобақаларини ўтказишади. Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, халқ таълими бўлими ва БЎСМ ҳамкорликда ўғил болалар ўртасида ташкил этган югуриш марафонига биз ҳам гувоҳ бўлдик.

Марафонда туман мактабларининг 10- ва 11-синф ўқувчиларидан 300 нафари қатнашди. Улар 1000 метр масофага югуришда ўзларининг маҳоратларини синашди. Якуний натижаларга кўра, 10-синфлар беллашувида 20-мактаб ўқувчиси Абдужаббор Аҳмадалиев маррага биринчи етиб келди.Диёрбек Бўстонов (7-мактаб) ва Абдулла Набиев (8-мактаб) кейинги ўринларни эгаллашди. 11-синфлар ўртасида эса биринчи ва иккинчи ўринлар 8-мактаб вакиллари ака-ука Ҳасанбой ҳамда Ҳусанбой Мухторовларга насиб этди. Убайдулло Раҳматов (9-мактаб) учинчи бўлди.

Қаранг, чопоғон болалар старт чизиғидаёқ олдинга ўтиб олишга интилишаётгани тасвирга тушди.

БИР МАҲАЛЛАДА ШУНЧА ЯНГИЛИК...

Саховат маҳалла фуқаролар йиғинида 3500 нафар аҳоли истиқомат қилади. Раис Абдуманноб Абдухалилов жорий йилда маҳалла аҳли эришган ютуқлар бисёрлигини фахрланиб айтиб берди:

-Э-э, сўрасангиз, биргина маҳалламизда кўп ўзгаришлар, муваффақиятлар юз берди. Бир чеккадан айтавераман-да.

Ҳудудимиздаги “Қирғизбува” қабристони Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори билан зиёратгоҳ мақомини олди. Айни пайтда бу ерда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб бориляпти.

Маҳалламизнинг энг четки жойида янги қурилган 216 ўринли 53-умумий ўрта таълим мактаби Мустақиллик байрами ва Билимлар кунига катта совға бўлди. Бунинг учун 5,7 миллиард сўм бюджет маблағи сарфланди.

Ўсмир футболчиларимиз вилоят ҳокими кубоги учун мусобақаларда туманда иккинчи ўринга муносибтопилди.

Фуқароларимиздан 8 нафари Ҳаж ва Умра зиёратларига бориб келишди.

Якка тартибда таълим олган, ногирон ва кам таъминланган оилалар рўйхатида турувчи Салоҳиддин Тожибоев Бухоро шаҳрида ўтказилган Иқтидорли ўқувчилар олимпиадасида биология фанидан иштирок этиб, республикада иккинчи ўринни эгаллади. Бу, унга Андижон давлат тиббиёт институтига имтиёзли кириш ҳуқуқини берди.

Яна бир қувонарли воқеа шуки, 10 йил фарзанд кўрмаган оилада уч нафар эгизак туғилди. Чақалоқларга Фотима, Муҳаммазиз ва Зуҳра, деб исмлар қўйдик.

Маҳалламизда 1500 метр жойнинг шағалланиб, асфальтлаштиришга тайёрлаб қўйилгани улар қадамининг қутлуғ келганидан нишона бўлса, ажабмас.

Энг асосийси, ажрим ёқасига келиб қолган21 оиланинг 19 таси қайта тикланди.

Яна айтадиганларим кўпу, бошқалар мақтаняпти, демасин тағин.

***

Туман ҳокими Жасурбек Абдураимовни маданият ва истироҳат боғида сайёр қабул ўтказаётган пайтда учрашдик. Қисқа суҳбат чоғида у шундай деди:


- Президентимизнинг “Халқ биздан рози бўлсагина, ишимизда унум ва барака бўлади”, деган фикрлари барча бўғиндаги раҳбарларни бошқача ишлашга ундамоқда. Мана, бугунги қабулда ҳам кўпчилик ўзини қийнаётган муаммо ва камчиликлар билан мурожаат қилди. Уларнинг ечимини топиш, бартараф этиш бизнинг нафақат вазифамиз, балки бурчимиз ҳамдир. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар Балиқчида ҳам ўз акс-садосини беряпти. Бўлаётган ўзгаришлар, ободончилик ва бунёдкорлик ишларидан аҳоли мамнун...

...Кун бўйи туманда юриб, биз ҳам бунга шоҳид бўлдик.

Нажмиддин ИКРОМИЙ,

Хурсандбек АРАББОЕВ,

“Андижонома” махсус мухбирлари.