Сайлов - 2021

БАҲРОМ АБДУҲАЛИМОВ АНДИЖОНЛИК САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШДИ


05.10.2021   817

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов 5 октябрь куни андижонлик сайловчилар билан учрашди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимов маъруза қилиб, ўзининг Сайловолди дастури билан таништирди.

Номзод сайловчиларга ўз дастурини партиянинг мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ва жамиятда мавжуд муаммоларни теран анг­лаган ва “Ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги керак”, деган ақидага қатъий амал қилиниши ҳамда, бу йўлда ҳар бир иш қонун устуворлиги асосида амалга оширилишини алоҳида такидлади. Шунингдек, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, гуманитар ҳамда бошқа соҳалардаги ислоҳот ва янгиланиш­ларни изчил давом эттириш бош мақсади эканлигини айтиб ўтди.

Анжуманда дастурда ўрин олган кучли ижтимоий ҳимоя йўналишида белгиланган мақсад ва вазифалар айниқса, аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантиришни давом эттириш, ҳамда дори воситаларининг ноқонуний айланиши, қалбакилаштирилган ва сифатсиз дори воситалари сотилишининг олдини олиш, аёллар тиббий маслаҳатхоналари, туғруқ мажмуалари, гинекология ва патронаж хизматлари фаолиятини такомиллаштириш каби устувор вазифалар алоҳида таъкидланди.

Шу билан биргаликда таълим тизимини ислоҳ қилишда жамиятдаги ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир инсонга олий маълумот олиш имкониятини яратиш, олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қилиш ва ҳар кимга олий таълим олиш ҳуқуқи эркинлигини ҳамда рейтинги юқори бўлган талабаларнинг бепул олий таълим олишини кафолатлаш, олий маълумотлилар сони бўйича мамлакат даражасини кўтариш мақсадида олий ўқув юртларига кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклини янада кенг жорий этиш чораларини амалга ошириш асосий мақсадлардан бири эканлиги айтилди.

Учрашув якунида номзод сайловчиларни қизиқтирган саволларига жавоб берди.

2- Андижон округ сайлов комиссияси Матбуот маркази.