ЖАМИЯТ

БАҲОР


14.03.2018   2600

Баҳор бўлиб келди келинчак,

Қуёш солар нурдан ҳалинчак.

Нигоҳларни тортиб чайқалар —

Новдалардир бешак, беланчак.

Куртакларни аллалар кўклам,

Юракларни эркалар Баҳор!

Толлар попук тақиб безангай,

Терак кўйлак кийиб ясангай.

Сурҳ майсалар, гуллар-гиёҳлар

Шудрингда соч ювиб тарангай.

Ғунчаларни аллалар кўклам,

Куртакларни уйғотар Баҳор.

Бойчечакдай шўх кулар баҳор,

Қир — адирга интилар баҳор.

Изларида уйғонар тупроқ,

Чўққиларга талпинар баҳор.

Булоқларни уйғотар кўклам,

Ирмоқларни ўйнатар Баҳор.

Тошдан-тошга сакрар ирмоқлар,

Яшнаб кетар яқин-йироқлар,

Дийдорига тўйиб, қучоқлаб

Сув юзидан ўпар қирғоқлар.

Ноз уйқудан уйғонар Кўклам,

Табиатни яшнатар Баҳор!...


НАВРЎЗ

Бўзтўрғайдек, Мажнундек бўзлаб,

Топмагандик изларин излаб...

Келиб қолди Наврўзнинг ўзи,

Бораётир тоғларни кўзлаб.

Қутлуғ бўлсин олам Наврўзи,

Наврўз бўлсин бутун Ер юзи.

Фалакда сеп ёзгай камалак,

Дошқозонда қайнар сумалак,

Муаттар бўй таратар гўё —

Полиздаги хушбўй ҳандалак.

Сунбул сочин тараб Дилафрўз-

Мушки анбар сочади Наврўз.

Таралади ялпизлар бўйи,

Шўх янграйди қушчалар куйи,

Олисларга ташлайсан нигоҳ,

Теракларга суянган кўйи...

Кун тиғлари қамаштирар кўз,

Мунаввардир бунчалар Наврўз!...

Машраб Раҳмон Али,

Шаҳрихон тумани