ЖАМИЯТ

АНДИЖОНЛИК СОЛИҚЧИЛАР УДДАБУРОН ТАДБИРКОРЛАР ТОМОНИДАН «КАССАГА ЭМАС, КИССАГА» УРИЛГАН ТУШУМЛАРНИ ФОШ ҚИЛДИ


14.12.2020   718

Чек. Кўп ҳолларда харидимиз учун бериладиган бу кичик қоғозчани сотувчилар тақдим этмайди ёки ўзимиз талаб қилмаймиз. Ҳолбуки, чекни талаб қилиш – давлат бюджетига солиқлар тушуми ортишига, яширин иқтисодиёт улушининг қисқаришига хизмат қилади.

Тан олиб айтиш керак, ўз хақ-ҳуқуқини яхши биладиган фуқаролар ҳам талайгина. Айнан мана шундай юртдошларимизнинг эътибори туфайли айрим тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий даромадини яширишга уринаётгани фош бўлмоқда.

Истеъмолчиларга харид чеки берилмаслик ҳолатлари аҳолидан келиб тушаётган мурожаатлардан маълум бўлмоқда. Айни ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида давлат солиқ хизмати органлари томонидан “Soliq hamkor” тизими орқали келаётган мурожаатлар асосида сайёр текширувлар ўтказилмоқда.

Асака туманида ун савдоси билан шуғулланувчи “Шарқ савдо гавҳари” МЧЖга қарашли дўконда харид чеки берилмаётганлиги юзасидан хабар келиб тушган эди. Мурожаатда кўрсатилган манзилда сайёр солиқ текшируви ўтказилди. Ушбу савдо нуқтасида онлайн-НКМ касса машинаси ўрнатилган бўлса-да, ундан доимийфойдаланилмаётгани, оқибатда шу кунги 11 миллион 651 минг сўмлик нақд савдо пули ҳам кирим қилинмаганлиги аён бўлди.

Қўрғонтепа туманидаги “Наргизабону” МЧЖга қарашли дорихонада ҳам нақд пулни яшириш ва шу орқали солиқдан қочиш ҳолати аниқланди. 17 минг сўмлик харид учун берилмаган чек ортидан олиб борилган суриштирув туфайли кун давомида савдодан тушган 1 миллион 109 минг сўм нақд пул ҳам кассага эмас, киссага урилгани ошкор бўлди.

Асака тумани Дастурхончи маҳалласи ҳудудида фаолият кўрсатувчи “Андтош – келажак” МЧЖга қарашли автомобилларга газ қуйиш шохобчасида харидорга 35 минг сўмлик харид учун касса чеки берилмаган. Холислар иштирокида ғазнадаги савдо пуллари саноқдан ўтказилганида маълум бўлдики, 16 миллион 57 минг сўм нақд пул маблағлари онлайн назорат касса машинасига кирим қилинмаган. Бу ҳолатлар юзасидан ўз ўрнида маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси расмийлаштирилди.

Шу ўринда савдо қоидаларига риоя этмаётган тадбиркорларга яна бир карра эслатиб ўтамиз: чек беришни рад этиш Солиқ кодексининг 221-моддасига мувофиқ 5 миллион сўм миқдоридаги жарима солишга сабаб бўлади.

Андижон вилояти ДСБ Матбуот хизмати