Андижон 24

АНДИЖОНЛИК «ҲАКЕР»ГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ


09.03.2019   5306

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судида 24 нафар фуқаронинг логин паролини бузиб, интернет трафиклардан фойдаланган А.Д.га нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди судьяси Улуғбек Жўраевнинг маълум қилишича, 1998 йилда туғилган фуқаро А. Д. ўзига тегишли бўлган компьютер ёрдамида 24 нафар фуқаронинг логин паролини бузиб, ушбу фуқароларнинг интернет трафигидан 2016 йилнинг март ойидан сентябрь ойига қадар фойдаланган ва жами 4 миллион 471 минг сўмлик мегабайтни яширин равишда талон-тарож қилган.


- Коллежни битириш арафасида олий таълим муассасасига кириш учун тайёрланиш мақсадида интернетдан фойдаланиш зарурати туғилди, - дейди судланувчи А. Д. – Аввалига ўзим трафик олиб ишлатдим, бироқ у ҳеч қанчага етмади. Кейин турли паролларни териб, бировларнинг интернети тизимига уланишга ҳаракат қилиб кўрдим. Натижа берди. Қилмишимдан пушаймонман, барчадан узр сўрайман.

Суд А. Д.ни Жиноят Кодексининг 169-моддаси, 3-қисми “а” ва “б” бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топиб, унга ҳар ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан икки йилу олти ой, 18 кун муддатга аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Auz.uz онлайн гуруҳи.