ЖАМИЯТ

АНДИЖОНДА ТУРИЗМНИ РИВОЖЛАНТИРИШ, ВИЛОЯТНИНГ ТУРИСТИК ИМКОНИЯТЛАРИ, ЮТУҚ ВА МУАММОЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН ТАРҒИБОТ АКЦИЯСИ БЎЛИБ ЎТДИ


29.06.2020   1618

Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан ташкил этилган «Тур-операторлар» тарғибот акциясида нафақат Андижон, балки Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Фарғона ва Наманган вилоятларида фаолият юритаётган 30 дан зиёд тур-операторлар, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармалари мутахассислари иштирок эди.


– Акцияни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад, Андижон вилоятининг туризм салоҳияти, унинг истиқболдаги имкониятлари билан тур операторларни яқиндан таништириш, – дейди Туризмни ривожлантириш Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Оятулло Нуралиев. – Қолаверса, Президентимиз ташаббуси билан Хонобод шаҳрини Фарғона водийсининг туризм марказига айлантириш, бу борада олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш, алоҳида ривожланиш концепциясини ишлаб чиқиш бўйича мутахассисларнинг фикр-мулоҳаза, тажриба ва тавсияларини ўрганишдан иборат бўлди.

Акция меҳмонлари «Андижон» темир йўл вокзалида кутиб олинди. Вилоят ҳокимлигида ўтказилган тадбирда уларга тарғибот акциясининг мақсад-мазмуни ҳақида кенг маълумотлар берилди. Шундан сўнг қатор туристик ва маданий мерос объектлари, саноат корхоналарига саёҳатлар уюштирилди.


Дастлаб, иштирокчилар Пахтаобод туманида жойлашган «Хўжатақсим ота» зиёратгоҳида бўлди. Ушбу маскан кўп асрлик тарихга эга бўлиб, юртдошларимиз Яратгандан ўз ҳожатлари ижобатини сўраб, дуо қиладиган муқаддас зиёратгоҳдир. Бу ерда кейинги йилларда кенг кўламли қурилиш, бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.

Шундан сўнг иштирокчилар Андижон шаҳридаги «Жоме» меъморий мажмуасида, ҳунармандлар кўчасида бўлиб, миллий ҳунармандчилик буюмлари, қўрғошин ва темирга ишлов бериш йўли билан ишланган хўжалик моллари, миллий бешикчилик ва ҳунармандчилик маҳсулотлари намуналари билан танишди.

Устахона ва сотув расталарининг бир жойда жойлашганлиги бу ерда бир вақтнинг ўзида ҳам маҳсулот ишлаб чиқариш, ҳам сотиш имконияти мавжудлиги меҳмонларда катта таассурот қолдирди.


Акция доирасида Андижон шаҳрининг Эски шаҳар ҳудудида жойлашган, ҳозирда қурилиш ишлари олиб борилаётган «Девонабой» жомеъ масжиди билан танишилди. Ушбу масжид усти ёпиқ ва катталиги, ноёб архитектураси билан мамлакатимиздаги ўзига хос масжидлардан бири эканлиги билан ажралиб туради.

Акциянинг иккинчи куни Эко-туризм ҳудудлари ҳисобланган Хўжаобод тумани ва Хонобод шаҳрига саёҳат уюштирилди.

Андижоннинг энг баҳаво, гавжум ва обод масканларидан бири «Боғи Бобур» миллий боғига ташриф, «Бобур ва жаҳон маданияти» музейи билан танишиш ҳамда З.М.Бобурнинг рамзий мақбараси зиёрати меҳмонларда унутилмас таассурот қолдирди.

Хўжаобод туманидаги «Имом ота» зиёратгоҳи ҳам гавжум ва обод туризм объектларидан бири ҳисобланади. Гўзал тоғ манзараси, ҳудуднинг салқин табиий иқлими, мавжуд шаршара ва булоқлар бу ерда туризм қишлоғи барпо этилиши учун кенг имкониятлар беради. Тадбир қатнашчилари қишлоқда туризм ва сервис хизматларини ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, меҳмон-уйлар, ҳудудда Wi-Fi зонасини ташкил этиш бўйича таклиф ва тавсиялар берди.


Фарғона водийсининг туризм марказига айланаётган Хонобод шаҳрига ташриф давомида тур операторлар томонидан Хонобод ҳақиқатдан ҳам туризмни ривожлантириш имкониятлари жуда кенг бўлган ҳудуд эканлиги, бу ерда фаолият юритаётган «Хонобод» сиҳатгоҳи, Хонтоғ ҳудудида барпо этилган мингдан ортиқ дала-ҳовли, шунингдек, барпо этилаётган қатор туристик объектлар шаҳарнинг туристик имкониятларини янада кенгайтириши алоҳида эътироф этилди.

Тадбир сўнггида тур-операторлар иштирокида бўлиб ўтган давра суҳбатида вилоят ҳокимлиги, Туризмни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси мутахассислари, тадбиркорлар томонидан Андижон вилоятининг туризм салоҳияти, хусусан, Хонобод шаҳрини туризм марказига айлантириш бўйича ишлаб чиқилаётган концепция, қурилиши режалаштирилаётган янги туристик объектлар, туризм қишлоғи ва туризм кўчалари барпо этиш юзасидан кенг маълумотлар берилди, қатор лойиҳалар тақдимоти билан танишилди.

Вилоятда сайёҳларга хизмат кўрсатувчи транспорт корхоналарининг йўқлиги, вилоят марказидан бошқа ҳудудларда меҳмонхоналарнинг мавжуд эмаслиги, туризм инфратузилмасининг етарли даражада ривожланмаганлиги, туристик объектлардан етарли даражада фойдаланиш йўлга қўйилмаганлиги сингари қатор муаммо ва камчиликларни бартараф этиш зарурлиги айтиб ўтилди.

Суҳбат давомида тур-операторлар томонидан вилоятнинг туристик имкониятларини янада ошириш юзасидан тавсия ва таклифлар билдирилди, туризм индустриясини ривожлантиришнинг устувор жиҳатлари, хатар ва имкониятлари SWOT анализ тизими асосида таҳлил қилиниб, хулоса ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Манба: ЎзА.