Андижон 24

АНДИЖОНДА ИШЛАБ ЧИҚАРИШ КОРХОНАЛАРИДА ҲАМ ГАЗНИ ТЕЖАШ БЎЙИЧА ТУШУНЧАЛАР БЕРИЛМОҚДА


27.10.2023   185

Андижон вилоятида ишлаб чиқариш корхоналари, айниқса енгил саноат билан боғлиқ корхоналар салмоғи бошқа соҳага қараганда кўпроқ. Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларда табиийки аёлларимиз асосий иш кучини ташкил этади. Аёлларимиз эса, нафақат ишда балки оилада ҳам газдан энг фаол фойдаланувчилар сирасига киргани учун ҳам улар орасида табиий газдан оқилона фойдаланиш бўйича тушунтириш ишларини олиб бориш зарур. Ана шу мақсадда, вилоятдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарда “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали мутахассислари ҳам тарғибот ишларини олиб бормоқдалар.

Тарғиботлар давомида бир маромда газ етказиб бериш билан биргаликда газни тежаб ишлатиш, оқилона фойдаланиш, энергиятежамкор газ жиҳозларидан фойдаланиш бўйича тушунчалар берилмоқда. Энергиятежамкор газ жиҳозларидан фойдаланишнинг афзалликлари ҳақида алоҳида тавсиялар берилмоқда. Мисоллар асносида, улардан фойдаланишда қанча газ тежалиши, газ тежашдан иқтисод қилинган пулни рўзғордан бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкинлиги ҳақида маълумотлар берилди.

“Агар хонадонлардаги ҳар бир газ жиҳозлари техник жиҳатдан соз бўлса, табиий газдан фойдаланишда ҳам исрофгарчиликни олди олинади, - дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали бўлим бошлиғи Хуршидбек Қодиров.- Бугунуй ичи газ жиҳозларига хизмат кўрсатувчи чилангарларимиз хонадонлардаги тарғибот давомида мўриконларни созлиги, жиҳозларни тўғри ўрнатилганлигига эътибор бермоқдалар. Шунингдек,истеъмолчиларга жиҳозларнинг соз бўлиши нақадар муҳимлигини тушунтирилмоқда,энергиятежамкор газ жиҳозларининг тарғиботи ҳам четда қолмаяпти...”

Бугун газ каби неъматдан оқилона фойдаланиш, беҳуда сарфламаслик барчанинг ўз олдига қўйилган фуқаролик вазифаларидан ҳисобланади. Зеро, ҳар бир куб тежалган газ эса, бошқа бир юртдошимизнинг хонадонида ҳам “зангори ёқилғи”ни ёнишига сабаб бўлади.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати