Андижон 24

АНДИЖОНДА ФЕРМЕР ХЎЖАЛИКЛАРИДАН КЕЛТИРИЛГАН НОЗ-НЕЪМАТЛАР БОЗОР НАРХЛАРИДАН 20-30 ФОИЗ АРЗОН НАРХДА ТАКЛИФ ЭТИЛМОҚДА


16.03.2020   5843

Наврўз байрами муносабати билан Андижон шаҳрида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдо-ярмаркалари иш бошлади

Вилоят марказининг энг гавжум 13 та даҳа, маҳалла ва аҳоли яшаш манзилларида ташкил этилган ярмаркага 30 номдаги маҳсулотлар қўйилган.

Чорвачилик, паррандачилик, мева-сабзавот маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликларидан келтирилган ноз-неъматлар бозор нархларидан 20-30 фоиз арзон нархда таклиф этилмоқда. Масалан, мол гўшти 43 минг сўм, товуқ гўшти – 18 минг сўм, тухум – 600 сўм, картошка -2,5 минг сўм, пиёз – 1,2 минг сўм, сабзи – 800 сўм, оқ балиқ – 10 минг сўм, сазан – 22 минг сўм.

Ярмаркаларнинг бири 4-кичик даҳадаги Баркамол маҳалласи ҳудудида ташкил қилинди.

-Маҳалламиз кўп қаватли уйлардан иборат, - дейди МФЙ раиси Табассумхон Исроилова. – Етти йилдан буён турли байрамлар арафасида ташкил қилинадиган ярмарка аҳолимиз учун жуда қулай бўлмоқда. Бу сафаргисида ҳам сифатли маҳсулотлар арзонлаштирилган нархларда сотилмоқда. Ташкилотчиларга раҳмат.

Вилоят бозорлари ва савдо комплекслари уюшмаси таркибида 25 та деҳқон бозори мавжуд. Уларда ҳам шу каби ярамаркалар фаолияти йўлга қўйилди. Қолаверса, уюшма қошидаги “Элга хизмат” МЧЖ томонидан озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таклиф этилмоқда.

«auz.uz» online гуруҳи.