Андижон 24

АНДИЖОНДА 105 НАФАР БИТИРУВЧИЛАР ВА УМУМТАЪЛИМ МАКТАБ ДИРЕКТОРЛАРИ ЎРТАСИДА УЧ ТОМОНЛАМА ШАРТНОМАЛАР ИМЗОЛАНДИ


08.01.2020   1207

Президентимизнинг 2019 йил 27 декабрдаги Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ижод мактабида ёшлар билан ўтказган учрашув давомида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишни янги босқичга олиб чиқиш бўйича белгилаб берилган топшириқлар ижроси юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Андижон давлат университетида ижтимоий-гуманитар фан битирувчилари иштирокида ўтказилган учрашув ҳам шулар жумласидандир.

Учрашувда барча шаҳар, туман халқ таълими бўлими мудирлари, кадрлар бўйича мутахассислар, умумтаълим мактаб директорлари, университетнинг тарих, хуқуқ, миллий ғоя ва психология йўналишлари бўйича 4-курс талабалари иштирок этдилар.

Учрашув давомида иштирокчиларга халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар, давлатимиз раҳбари томонидан ўқитувчиларга кўрсатилаётган юксак эътибор, уларга яратилаётган қулай шарт-шароитлар, имтиёзлар ҳақида таништирилди.

Шунингдек, бугунги кунда халқ таълими тизими олдида турган камчилик ва муаммолар, долзарб вазифалар ҳамдакелгусида амалга ошириладиган ишлар кенг муҳокама қилинди.

Тадбир доирасида вилоятдаги таълим муассасаларида психология, тарих, хуқуқ, миллий ғоя ва маънавият асослари фанларидан мавжуд 112 нафар педагогларга бўлган эҳтиёжларни қоплаш мақсадида ушбу йўналишлар бўйича Андижон давлат университетининг битирувчилари билан суҳбатлар ўтказилди. Натижада, 105 нафар битирувчилар ва умумтаълим мактаб директорлари ўртасида уч томонлама шартномалар имзоланиб, уларнинг 81 нафари жорий ўқув йилининг 3-чорагидан, 24 нафари эса 2020-2021 ўқув йилидан ушбу таълим муассасаларида иш фаолиятларини олиб боришлари бўйича келишиб олинди.

Учрашув якунида талабалар томонидан берилган саволларга бошқарма бошлиғи ва мутахассислар томонидан жавоблар ҳамда уларга қўшимча равишда кўрсатмалар берилди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси матбуот хизмати.