Андижон 24

АНДИЖОН ТУМАНИДА 1 МИНГ 670 НАФАР ЙИГИТ-ҚИЗ ЕР ОЛИШ ИСТАГИНИ БИЛДИРДИ...


18.02.2021   2113

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг Андижон туманида ер олиш истагида ёшлар билан бўлган учрашувидан сўнг ёшлар ана шундай ният қилди.

Юртимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қишлоқ хўжалиги учун ер ажратиш орқали ёшларни иш билан таъминлаш мақсадида уларга деҳқончилик қилиш ер ажратиб берилмоқда.

Андижон вилоятида ҳам бу борада кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ҳудудларга бориб, мазкур йўналишда ишни қандай ташкил этиш юзасидан жойларда учрашувлар ўтказмоқда. Бугун ана шундай учрашув Андижон туманида бўлиб ўтди.

Чўлпон массивидаги “Кўхинур саховати” фермер хўжалигида бўлиб ўтган мазкур учрашув аввалида 28 нафар “Ёшлар дафтари” шакллантиришда ер олиш истагини билдирган ёшлар билан мулоқот қилди. Бўтақоралик ёш тадбиркорлар ишлаб чиқарган мебель маҳсулотлари кўргазмасини кўздан кечирди.

Фермер хўжалиги раҳбарлари, ер олиш истагидаги ёшлар ва уларнинг ота-оналари билан бўлган учрашувда сўз олган вилоят ҳокими аҳоли, айниқса, ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг турмуш шароитини яхшилаш мақсадида вилоятимизда кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини қайд этди. Деҳқончилик қилиш учун ер олган ёшларга экин майдонидан самарали фойдаланиш бўйича зарур тавсия ва маслаҳатлар берди.

Шунингдек, йилига икки мартадан ортиқ ҳосил олишга ҳаракат қилиш ва даромадни кўпайтириш зарурлигини, бунинг учун ҳамма шароитлар яратиб берилишини таъкидлади.

Самимий бўлиб ўтган учрашувдан сўнг Толмозор маҳалласидаги буёқ ишлаб чиқарувчи ишбилармонларга ер ажратиладиган бўлди. Бўтақоралик мебелсоз уста йигитларнинг мурожаатлари қондирилиб, ишлаб чиқаришни кенгайтириши ҳамда янги иш ўринлари яратишлари учун ер бериладиган бўлди.

Шу куннинг ўзида мазкур хўжаликдан ажратилган ерлар ўз эгаларига бириктирилди ҳамда зарур агротехник тадбирлар бошланди.

-Тўғриси, биз ёшларга шундай имконият яратиляптики, биздан фақат белни маҳкам боғлаб, астойдил ишлаш талаб этиляпти, - дейди мирободлик Караматилло Абдуллажонов. – Ишлаган тишлайди. Энди мустақил равишда фаолият бошлаб, даромадга эга бўламан. Бугун фаровон турмуш кечиришимиз ўзимизнинг ғайрат-шижоат билан ишлашимизга боғлиқ эканлигини тушуниб етдик.

Андижон туманида 1 минг 670 нафар йигит-қиз ер олиш истагини билдирган. Жараён босқичма-босқич давом этмоқда.

Андижон тумани ҳокимлиги матбуот хизмати