ЖАМИЯТ

АҚШЛИК ОЛИМ «МЕҲРОБДАН ЧАЁН» РОМАНИНИ ИНГЛИЗ ТИЛИГА ТАРЖИМА ҚИЛМОҚЧИ


06.09.2020   3511

Мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонасида Ўзбекистон мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида Президентимиз Фармонига мувофиқ «Дўстлик» ордени билан тақдирланган АҚШ Давлат котиби ёрдамчисининг собиқ биринчи ўринбосари, «Exxon Mobil» халқаро ҳамкорлик бўйича катта маслаҳатчиси Элис Уэллс ва Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романини инглиз тилига таржима қилган муаллиф Марк Эдвард Ризга юксак мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Элчи Жавлон Ваҳобов Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан юксак мукофотларни топширди.

Элис Уэллс мукофот учун миннатдорлик билдириб, бундан 29 йил олдин Ўзбекистон суверен мустақил давлат сифатида қандай натижаларга эришиши мумкинлигини олдиндан айтиш қийин бўлганини таъкидлади. Собиқ дипломатнинг сўзларига кўра, мамлакатнинг ҳозирги кундаги ютуқлари ўзбек халқи жасорати, матонати ва интилишлари туфайли эришилган.

— Ўтган йиллар давомидаги фаолиятим Президент Шавкат Мирзиёевнинг ғайратини, унинг мамлакатни нафақат мустақил давлат сифатида, балки минтақавий етакчи — Марказий Осиёнинг юраги, тинчликнинг глобал етакчиси, мамлакатнинг Афғонистонда тинчликни ўрнатиш мақсадини илгари суриши ташаббусини қўллаб-қувватлашга қаратилди, — деди АҚШ Давлат департаментининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича бюроси собиқ раҳбари.

Унинг таъкидлашича, Америка Қўшма Штатлари билан Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар нафақат икки ҳукумат ўртасидаги ҳамкорликда, балки хоҳ ҳарбий, хоҳ ишбилармон бўлсин – оддий одамлар ўзаро алоқаларида ҳам намоён.

— Сўнгги 29 йилда Ўзбекистондан кўплаб дўст орттирдим. Аммо худди ўзбек паловини ҳар қанча истеъмол қилсангда, ундан тўймаганингдек, ўзбекистонлик дўстларга бўлган чанқоқ ортиб бораверди, — деди Элис Уэллс. — Шу боис «Exxon Mobil» компанияси вакили сифатида, янги имкониятлар билан мамлакатга яна ташриф буюришга тайёрман.

Дипломат Элис Уэллс дипломат сифатида АҚШ Давлат департаменти тизимида 30 йилдан ортиқ тажрибага эга. У Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича бюрони бошқариб, Ўзбекистон — Америка муносабатларини ҳар томонлама мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга катта ҳисса қўшди. Элис Уэллс Ўзбекистонда академик алмашинув дастурларини амалга оширишда ва инглиз тилини ўргатишда муҳим роль ўйнади. У «Ўзбекистон-Афғонистон-АҚШ» мулоқот шаклини яратиш ташаббускорларидан бири ҳисобланади.

АҚШ Ҳарбий-денгиз флоти академиясининг Минтақавий тадқиқотлар маркази собиқ раҳбари Марк Эдвард Риз ҳам ўз ишига бундай юксак баҳо берилгани ва «Дўстлик» ордени билан тақдирлангани учун миннатдорлик билдирди. У «Тинчлик корпуси» кўнгиллиси сифатида Ўзбекистондаги фаолиятини бундан 26 йил олдин тугатгани ва шундан буён Ўзбекистон ҳақидаги ўйлари билан яшаётганини таъкидлади. Марк Ризнинг сўзларига кўра, орденни топшириш вақтида Абдулла Қодирий номининг тилга олинишининг ўзи у учун катта ютуқ.

— Бу Абдулла Қодирийнинг ғалабаси, бу сизнинг ғалабангиз ... Ўзбекистон халқи, шубҳасиз, Абдулла Қодирий таърифлаганидек инсонлардир, — деди «Дўстлик» ордени соҳиби.

У мукофотдан жуда илҳомланганини ва яқинда Абдулла Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» асарини таржима қилишга киришаётганини алоҳида таъкидлади.

Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонасидан хабар беришларича, олим Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан яқин ҳамкорликда китобни таржима қилиш учун оиласи билан Ўзбекистонга кўчиб ўтишни режалаштирмоқда.

Марк Риз 1994-1996 йилларда «Тинчлик корпуси»нинг Ўзбекистондаги кўнгиллиси бўлиб ишлаган. Қўқон шаҳридаги ўрта мактабда инглиз тилидан дарс берган. АҚШ Давлат департаментида Ўзбекистон ҳамкорлик дастурининг директори сифатида ишлаган. Таржимон Абдулла Қодирийнинг машҳур романи устида 15 йилдан ортиқ вақт давомида ишлади. «Ўткан кунлар» асарини америкалик ўқувчиларга янада тушунарли қилиш учун унга 400 дан ортиқ шарҳ ва тушунтириш ёзди. Шунингдек, Марк Риз “theuzbekmodernist.com” веб-сайтида Абдулла Қодирийнинг ҳаёти ва ижоди, унинг даври ва замондошлари ҳамда «Ўткан кунлар» романи образлари ҳақида батафсил маълумотларни тақдим этиб келмоқда.

Манба: xs.uz