Хорижда

АҚШДА ПРЕЗИДЕНТ САЙЛОВИ БЎЛИБ ЎТМОҚДА


03.11.2020   1481

Бугун Америка Қўшма Штатларида президент сайлови бўлиб ўтмоқда. АҚШ фуқаролари ўз овозлари билан кейинги тўрт йиллик учун ким давлат раҳбари бўлишига аниқлик киритиб олади.

Президентлик учун республикачилар партияси вакили, амалдаги президент Дональд Трамп ва демократик партия вакили Жо Байден кураш олиб боради.

Шуни таъкидлаш жоизки, Америкада ҳали ҳеч бир сайлов бу галгидек кескин вазиятда ўтмаган. Бир томондан мамлакатда коронавирус пандемияси қурбонлари 200 минг кишидан ошиб кетди. Мамлакат коронавирусга чалинганлар кўплиги бўйича дунёда биринчи ўринда турибди.

Иккинчидан АҚШда бу йил кўплаб норозилик намойишлари бўлиб ўтди. Ирқчилик муаммоси бор бўй-басти билан ўзини намоён этди. Қолаверса, овоз бериш жараёни илк бор масофадан бўлиб ўтмоқда. Бундай шароитда агар номзодлар ютқазса овоз бериш натижаларини тан олмаслигига ишора қилган. Бу ҳам сайловдан кейин барқарорликни сақлаш масаласи кўндаланг турибди, дегани.

Яна бир жиҳат: бу галги сайловлар муддатидан олдин овоз берганлар сони кўплиги бўйича аввалгиларидан кескин фарқ қилади. Ҳозиргача сайловнинг расман бўлиб ўтадиган кунигача овоз бериб бўлганлар сони 100 миллион кишидан ошган. Бунақаси асло кузатилмаганди. Бунчалик катта рақам қайд этилиши кронавирус пандемияси билан боғлиқ, дейиш мумкин. Чунки кўпчилик сайлов участкасига боришга ҳайиқмоқда ва почта орқали овоз бермоқда.

Шундай қилиб, 2016 йилги сайлов билан солиштирганда бу гал овоз берганлар 70 фоизлик кўрсаткичга яқинлашди. Бугун яна ўн миллионлаб сайловчилар овоз беришда иштирок этадилар. Айтиш мумкинки, АҚШ тарихида ҳали ҳеч қачон овоз берувчилар сони 140 миллиондан ошмаганди.

Бу галги сайловнинг яна бир эътиборли жиҳати, бу овозларни санаш жараёни чўзилиш эҳтимолидир. New York Times газетасининг ёзишича, 50 та штатдан атиги саккизтасида овоз бериш натижалари сайловдан кейинги куннинг иккинчи ярмида эълон қилиши мумкин.

Маълумки, демократлар почта орқали овоз беришни маъқул кўраётган бўлса, республикачилар сайлов участкаларига бориб овоз беришни ёқламоқда. Бундай шароитда сайлов участкасида берилган овозлар биринчи бўлиб саналадими ёки почта орқали берилган овозларми? Бу ҳам жуда муҳим.

Экспертларнинг хавотир билдиришича, овозларни ҳисоб-китоб қилиш шу даража мураккаблашиши мумкинки, охир-оқибат сайлов натижаларини Олий суд аниқлаб беришга тўғри келиши эҳтимоли бор. Бундай шароитда сайлов қоидаларининг бузилиши ёки номзодлар ўртасида унчалик катта бўлмаган фарқ ҳам суд даъвосини очишга олиб келиши ва олий суд инстанциясигача етиб бориши мумкин. 2000 йилги президент сайловида айнан суд ғалабани кичик Жорж Бушга берган эди.

АҚШ президенти умумхалқ овоз бериш йўли билан сайланмайди: ғолибни конгресс аъзолари сони бўйича 538 аъзодан иборат сайловчилар Коллегияси аниқлайди.

RealClearPolitics (RCP) сайти ўтказган миллий сўров натижаларига кўра, Байден Трампни ўртача 6,7 балл билан ортда қолдирмоқда. Бу 51 фоизга қарши 44,3 фоиз дегани. Мазкур кўрсаткич бошқа етакчи нашрлар, жумладан, FiveThirtyEight.com сайти билдирган прогнозларига ҳам яқин. Ушбу сайт ҳисоб-китобича, Байден рақибини сезиларли даражада ортда қолдиради.

РИА Новостининг Вашингтондаги мухбири хабар қилишича, АҚШ пойтахтида қатор дўконлар ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиб туришни маъқул кўрмоқда. Улар тартибсизликлар келиб чиқишидан хавфсирамоқда. NBC Newsнинг маълум қилишича, иммиграция агентлари ва божхона хизматига Вашингтонда тартибсизликлар келиб чиқиши эҳтимоли мавжудлиги учун сайлов куни тайёр туриш буюрилган.

АҚШда ҳар тўрт йилда бўлиб ўтадиган президент сайловини халқаро жамоатчилик ҳам катта қизиқиш билан кузатади. Чунки АҚШ сайёрамиздаги иқтисодий жиҳатдан энг қудратли мамлакат ҳисобланади. АҚШ дунёнинг барқарорлигини сақлашда ҳам муҳим аҳамият касб этувчи давлатдир. Бинобарин, бу галги президент сайловида юзага келган танглик АҚШ тарихида ҳали кузатилмагани ҳисобга олинса, Оқ уй учун кураш нафақат АҚШ жамоатчилиги учун, балки бутун сайёрамизда барқарорлик учун дахлдор эканини англаш унчалик мушкул бўлмайди.

Манба: UzA.