ЖАМИЯТ

200 НАФАР СИРДАРЁЛИК АЁЛ АНДИЖОНДАГИ СИҲАТГОҲДА ДАМ ОЛАДИ


17.05.2020   2736

“Сардоба“ сув омборида юзага келган тошқин оқибатларини бартараф этишда яқиндан кўмак бериш мақсадида Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигидаги 800 нафар қурувчилар Сирдарё вилоятига етиб келгани хусусида хабар берган эдик.

Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов тошқиндан жабр кўрган Мирзаобод тумани Навбаҳор маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан учрашди.

Ана шу юзма-юз мулоқот чоғида Андижон вилояти ҳокими, ушбу мусибат нафақат сирдарёликларники, балки, Андижон аҳлининг ва бутун Ўзбекистон халқининг ҳам ташвиши эканлиги, дўст бошига иш тушганда нафақат андижонликлар, балки, бутун ўзбекистонликлар бир четда қараб турмасликларини таъкидлади. Президентимиз раҳбарлигида бирдам ва ҳамжиҳатликда ҳар қандай талофатларни енгиб ўтишга қодир халқ эканимизни алоҳида қайд этди.

Учрашувда Навбаҳор маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида қад ростлайдиган шинам, барча қулайликларни ўзида мужассам қилган, алоҳида томорқасига эга бўлган, ўзбекона урф-одатларга биноан тандиру ўчоқларига эга бўлган хонадонларнинг лойиҳаси тақдим этилди.

Бундан ташқари, Андижон вилояти ҳокими ҳудуддаги уй эгаларининг назорати остида мазкур уйлар 1 ой муддатда капитал таъмирдан чиқарилишини, бу муддат ичида эса 200 нафар Навбаҳорлик аёлларни Андижон вилоятининг Хонабод шаҳридаги сўлим дам олиш масканида ҳордиқ чиқаришга таклиф этди.

А.ҚАЮМОВ, Ф.ТОШМАТОВ, (сурат), ЎзА

Манба: ЎзА.