АТРОФГА НАЗАР

ЖАҲОН САЙЁҲЛИК ТАШКИЛОТИ БОШ АССАМБЛЕЯСИНИНГ САМАРҚАНДДА ЎТКАЗИЛИШИ ЕВРОПА САЙЁҲЛИК ПОРТАЛИ ДИҚҚАТ МАРКАЗИДА


16.10.2023   284

«Travel Tomorrow» Европа сайёҳлик порталида «Жорий йилнинг октябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) Бош ассамблеясидан нимани кутиш мумкин» сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Унда қайд этилишича, Самарқанд 16 - 20 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган ЮНВТО Бош ассамблеясининг 25-сессиясига ҳозирлик кўрмоқда. 2021 йили Мадридда бўлиб ўтган Бош ассамблеянинг 24-сессияси чоғида Ўзбекистон биринчи маротаба мезбон мамлакат сифатида танланган эди.

«ЮНВТО Бош Ассамблеяси ҳар икки йилда бир марта ўтказилади, ташкилотга аъзо давлатларнинг етакчи вакилларини, шунингдек, давлат ва хусусий жабҳадаги сайёҳлик бўйича дунё етакчилари, маҳаллий ҳукумат, илмий доиралар ва оммавий ахборот воситаларининг вакилларини ўз атрофига тўплайди, деб ёзади портал. Тадбирдан кўзланадиган мақсад сайёҳлик соҳасидаги халқаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишдан иборат бўлиб, улар панел сессияларида, шунингдек, Бош ассамблея доирасида ташкил этиладиган бошқа бир қатор кенг қамровли конференцияларда муҳокама қилинади».

Манбанинг ёзишича, ЮНВТО туризм соҳасидаги таълимнинг ҳозирги ҳолати, кўникмаларни ривожлантиришга сармоя киритиш ва ҳамма учун инклюзив имкониятлар яратиш муҳимлигини намойиш этиш учун Таълим бўйича глобал форумини ҳам ташкил қилмоқда.