АТРОФГА НАЗАР

ЯКДИЛЛИК КЎНГИЛЛАРГА КЎЧГАН...


19.09.2023   365

Сўнгги йилларда кўҳна тарихимиз, бой меросимиз, миллий давлатчилигимиз, муқаддас динимиз, урф-одат ва анъаналаримиз қайта тикланди. Бугунги кунда меҳр-оқибат, бағрикенглик, ҳамжиҳатлик каби олижаноб фазилатлар, миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, Ватан тақдири ва келажагига дахлдорлик туйғуси юрагимизнинг туб-тубидан ўрин олди. “Обод маҳалла-обод кўча-обод хонадон” тамойили эса якдиллик касб этиб, ана шу дахлдорликнинг юрагига айланди.

Бу якдилликка Қўрғонтепанинг Қизил тўқай маҳалласи мисолида назар ташласак.

Нафақат туманнинг энг чекка ҳудуди, шу билан бирга вилоятнинг ҳам чегара манзили бўлган маҳалланинг фаол ва озодаликни хуш кўрадиган ўзбек ва қирғиз миллатига мансуб аҳолиси жонажон юртимизнинг ободлиги учун ўз ҳиссасини қўшмоқда.

Бугун Қизил тўқайда “Обод хонадон”, “Обод кўча” ва “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш, ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш бўйича кенг кўламли ишлар жадаллик билан амалга оширилмоқда. Жами 2 минг 786 нафар аҳолини ўзида жамлаган 548 та хонадон, 753 та оила айни дамда “Ободлик хонадондан бошланади”, “Ободлик кўнгилдан бошланади”, деган қадим ҳақиқатнинг реал ҳаётимиздаги яна бир исботига гувоҳ бўлаётирлар.

- Кўриб турганингиздек, Қирғизистон Республикаси Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманидан 3 километр масофада чегарадош маҳалламиздаги мавжуд 3 та кўчада муаммоларга ечим топиш ишлари қизғин, - дейди МФЙ раиси Дилмурод Рўзиев. - Хусусан, жами 19,5 км. ички йўлларнинг 13 км. қисми таъмирталаб, ҳудудга 3 та 160 кВт. ТП керак, 11 км. янги электр узатиш ҳаво тармоғи тортиш зарур ҳамда 196 дона бетон таянч устунлар ўрнатишга эҳтиёж юқори. Бундан ташқари, “Ашқалтепа” қабристонининг атроф деворларини ўраш ва зарурий биноларни қуриш лозим. “Челек ота” қабристони учун эса бошқа ер майдони ажратилиши жоиз, сабаби дафн маскани чегара ҳудудда жойлашган, чегара қонунларига жойлашиш манзил зид келмоқда. МФЙ биноси қайта қурилиши керак. Маҳалладаги 24-умумтаълим мактаби капитал таъмир ва жиҳозлашга муҳтож бўлса, 40-умумтаълим мактабига мини стадион, қўшимча бино ва замонавий жиҳозлар зарур. Албатта, булар мавжуд муаммоларнинг айтарли томонлари, кўзга кўринмаган масалалар уйма-уй юриб ўрганилганда яққол юзага чиқяпти ва ўз вақтида жойида бартараф этишга эришиляпти.

Юқорида масъул томонидан қайд этилган эскирган симёғочларни бетон устунларга алмаштириш, тармоқни янгилаш ва янги трансформаторлар ўрнатиш бўйича амалий ишларга киришилган. Йўлаклар таъмирланиб, светафор ўрнатиш, таълим ва тиббиёт муассасаларини таъмирлаш, автобекат қуриш, мобиль алоқа хизматини яхшилашга ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти.

Чуқурлаштирилган тиббий кўрикларда асосан юрак-қон томир, асаб касалликлари ва ортиқча вазн билан боғлиқ хасталиклар аниқлангани боис шифокорлар беморларни даволаш билан бирга, тўғри овқатланиш, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш бўйича аҳолига етарлича тушунча-ю амалий ёрдам ҳам беряпти. Уйма-уй юрилиб, нуронийлар тиббий кўрикдан ўтказиляпти. Беморлар бепул дори-дармонлар, ногиронлиги бор инсонлар реабилитация воситалари билан таъминланяпти.

Аҳолини ишли-даромадли қилиш учун ҳам бор куч-имконият ишга солиниб, ижтимоий ҳимояга муҳтожларга қизиқишларидан келиб чиқиб, зарурий ускуналар олиб берилди. Томорқалардан самарали фойдаланиш, хонадонларни обод қилиш, уй-рўзғор маданиятини ривожлантириш борасида турли тарғибот тадбирлари, кўргазмали семинарлар ўтказиляпти.

Қисқа муддатда Қўрғонтепанинг Қизил тўқай маҳалласида бошланган “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонлари туфайли мазкур ҳудуд яқин кунларда ҳар жабҳада энг намунавий, обод, гўзал масканга айлантирилади.

Зилола РАҲМОНОВА