ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОНДА ПУЛЛИК АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИ ҚУРИЛИШИГА $3,5 МЛРД САРФЛАНАДИ


29.03.2021   683

Бош консультантлари ЕТТБ ва Жаҳон банки бўлган Тошкент – Андижон ва Тошкент – Самарқанд пуллик йўлларни қуришга 5-10 йил вақт кетади ва лойиҳалар инвестор томонидан молиялаштирилади.

Аввалроқ, Ўзбекистонда қуриладиган пуллик йўлда ҳаракатланадиган енгил ва юк автомобиллари учун тахминий нарх қанча бўлиши ҳақида хабар берилганди.

Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги масъул ходими Фаррух Ғаффоров мазкур пуллик трассалар бўйича маълумот берди.

Унга кўра, Тошкент – Самарқанд пуллик автомобиль йўлини қуриш бўйича Европа тикланиш ва тараққиёт банки халқаро консультант этиб белгиланган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳа умумий қиймати тахминан 1,5 млрд АҚШ долларидан ошади. Йўлнинг узунлиги 277-305 км атрофида бўлиши кутилмоқда. Қурилиш даври 5-8 йилни ташкил қилиши мумкин.

Экспертлар енгил автомобиль учун 5 АҚШ доллари, оғир юк машиналари ва бошқа автомобиллар учун 5-20 АҚШдоллари қилишни тавсия қилган.

Тошкент – Андижон пуллик автомобиль йўлини қуриш бўйича эса Жаҳон банки бош консультант этиб белгиланган. Ушбу йўл лойиҳасининг умумий қиймати 2 млрд АҚШ долларидан ошиши айтилмоқда. 340 километрликйўлни қуришга 5-10 йил кетиши мумкин.

Ҳисоб-китобларга кўра, йўлдан фойдаланиш нархлари енгил автомобиль ва енгил юк машиналар учун тахминий нарх 5 ва 7 АҚШ доллари, юк машиналари ва автобуслар учун 15 АҚШ доллари этиб кўрсатилган.

Қайд этилишича, лойиҳани молиялаштириш давлат бюджетидан эмас, асосан, хусусий шерик, яъни хорижий инвестор томонидан амалга оширилади.

Мазкур лойиҳалар бўйича аниқ белгиланган маршрут ва нархлар мавжуд эмас. Сўнгги тасдиқланган рақамлар Ҳукумат ва инвесторлар ўртасида тузиладиган келишув асосида аниқ бўлади.

Манба: https://uznews.uz/uz/article/30040/