ЖАМИЯТ

ЎЗБЕКИСТОНДА ОАВ ХАЛҚ ОВОЗИ ВА ФИКРИНИ КЕНГ ЖАМОАТЧИЛИККА ҲАМДА ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИГА ЕТКАЗУВЧИ ЭНГ ТАЪСИРЛИ КУЧДИР


09.10.2023   463

Қирғизистоннинг марказий «Слово Кыргызстана» газетасида «Ислоҳотлар ва Ўзбекистон ОАВ» сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Мақола муаллифи, «Янги Медиа» ўқув маркази директори Беруний Алимов ёзганидек, Ўзбекистонда сўнгги йилларда медиа соҳасида катта ўзгаришлар рўй бермоқда.

«Айниқса, жамоатчилик назорати, давлат органлари фаолиятида шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик фикрини шакллантириш ва демократик қадриятларни мустаҳкамлаш масалаларида муҳим ислоҳотлар амалга оширилди, - дейилади материалда. - Ўзбекистонда жамоатчилик назоратини такомиллаштириш чоралари кўрилмоқда. Бу, жумладан, давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги орқали амалга оширилади. Бюджет маблағларининг шаклланиши ва сарфланиши, мамлакатнинг олтин-валюта захиралари, ташқи савдо айланмаси ҳажми, шунингдек, товар ва маҳсулотлар импорти тўғрисидаги статистик маълумотларни эълон қилади».

У, шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ««Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида белгиланган муҳим вазифалар ва уларнинг аҳамиятини урғулаган.

«2022 йилда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди, - давом этади Беруний Алимов. -Ўзбекистоннинг янгиланган Конституциясини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. Бош қомусимизнинг 81-моддаси оммавий ахборот воситалари эркинлиги ҳамда ушбу эркинликнинг кафолатлари ва шартларини белгилайди».

Нашрда, қайд этилганидек, юқоридаги ўзгартиришлар журналистларга давлат органларига сўров юбориш, журналистик суриштирув олиб бориш, жамоатчилик муаммоларини кўтариш имконини беради. Фаол оммавий ахборот воситалари туфайли Ўзбекистонда дарахтларни кесишга мораторий жорий этилди. Журналистлар коррупция, қонун ва фуқаролар ҳуқуқларининг бузилиши фактларини аниқлайди ва фош этади. Шундай қилиб, улар ҳукумат ва аҳоли ўртасида бевосита воситачи ролини ўйнайди.

«Ўзбекистон Президенти бир неча бор таъкидлаганидек, оммавий ахборот воситалари ва журналистлар халқ овози ва фикрини кенг жамоатчиликка ҳамда давлат органларига етказувчи энг таъсирли кучдир», - деб ёзилган «Слово Кыргызстана» газетасида эълон қилинган мақола хулосасида.