АТРОФГА НАЗАР

БУ ЙИЛГИ ЁҒИНГАРЧИЛИКЛАР НАТИЖАСИДА АМУДАРЁ ВА СИРДАРЁ ДАРЁЛАРИДА СУВ ҲАЖМИ ЯХШИ БЎЛИШИ БАШОРАТ ҚИЛИНЯПТИ


08.05.2024   825

Парламент қуйи палатаси депутати Муқаддас Тиркашева сув хўжалиги вазири Ш.Ҳамроевнинг ахбороти эшитувида асосий дарёларимизга сув келиш прогнозлари билан қизиқди.

— Марказий Осиё давлатлари билан ҳар йили сув лимитлари келишилади. Бугунги кунда сайловчилар билан учрашганимизда сув танқислиги ҳақида кўп мурожаат қилишади. Қўштепа канали қурилишининг Амударё сувига таъсири бўлаяптими, деган хавотирлар билдирилади. Умуман олганда, Амударё, Сирдарё, Зарафшон дарёларида сув келиш прогнозлари аввалги йилларга нисбатан неча фоизни ташкил қилмоқда? Иқтисодиёт тармоқларини кафолатли сув таъминоти билан таъминлаш борасида қандай чоралар кўрилмоқда?

— Дарҳақиқат, 5 та давлат сув лимитларини ўзаро келишади. Охирги йиғилишимиз Чимкентда бўлиб ўтди. Унда сув ҳавзаларидаги сув ҳолати муҳокама қилинди. Бу йилги ёғингарчиликлар натижасида Амударё ва Сирдарё дарёларида сув ҳажми яхши бўлиши башорат қилиняпти. Ҳозирги ҳолатда ўтган йилги даража кутиляпти. Кўп йиллик меъёрларга нисбатан эса Сирдарёда 85-90 фоиз, Амударёда 90-95 фоизгача сув бўлиши башорат қилинмоқда. Бугунги кунда сув омборларимизда ўтган йилга нисбатан 1,5 миллиард куб ортиқча сув захираси яратилган, — деди вазир.

Шунингдек, вазир сўнгги йиллардаги очиқлик сиёсати натижасида қўшни давлатлар билан кўп масалаларда, жумладан, сув масаласида ҳам яқин ҳамкорликда ишлар олиб борилаётганини таъкидлади.

—Сув бизни душман қилиб эмас, дўст қилиб, манфаатли ҳамкорлик қилишга, Худонинг берган неъматидан самарали фойдаланишга ундайди, — деди Ш.Ҳамроев.

Манба