АТРОФГА НАЗАР

ЎЗБЕКИСТОН ЭКСПОРТЧИЛАРИ ХИТОЙНИНГ ШЕНЧЖЕНЬ ШАҲРИДА ЎЗ МАҲСУЛОТЛАРИНИ НАМОЙИШ ҚИЛИШГА ТАКЛИФ ЭТИЛАДИ


15.09.2023   395

Ўзбекистоннинг Гуанчжоудаги Бош консулхонаси томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва экспортчилар учун янги экспорт шартномалари тузиш ва тегишли импортёр ҳамкорлар билан ўзаро алоқаларни йўлга қўйиш бўйича олиб борилаётган фаолият доирасида жорий йил 18-20 октябрь кунлари Хитойнинг Шенчжень шаҳрида бўлиб ўтадиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари кўргазмасида (Global High-End Food and Premium Agricultural Products (Shenzhen) Expo – 2023) мамлакатимиз иштироки масаласи ишлаб чиқилди.

Ушбу кўргазмада ўзбек корхоналари маҳсулотлари намойиши учун бепул стенд ташкил этилади. Шунингдек, тадбир давомида хитойлик ташкилот ва компаниялар эътиборига мамлакатимизнинг экспорт салоҳиятини ҳамда бой сармоявий ва сайёҳлик имкониятларини ўз ичига олган тақдимотлар тадбир иштирокчиларининг эътиборига ҳавола қилинади.

Мамлакатимиз қайта ишланган қишлоқ хўжалиги (озиқ-овқат, мева-сабзавот, қуритилган мевалар, қандолат, вино ва ҳоказо) ҳамда миллий ҳунармандчилик маҳсулотларини Шенчжень шаҳрида кенг намойиш этиш, янги импортчи ҳамкорларни топиш ва экспорт шартномаларини имзолаш мақсадида Ўзбекистондаги ҳудудий корхоналар, Савдо-саноат палатаси ва Экспортчилар уюшмаси таркибидаги салоҳиятли экспортчилар мазкур кўргазмада иштирок этишлари мумкин.

Мурожаат учун Ўзбекистоннинг Гуанчжоудаги Бош консулхонаси:

Телефон: +86 13247379004

Telegram: +998 90 9944055