АТРОФГА НАЗАР

ТОШКЕНТДА II ХАЛҚАРО ҲАЙКАЛТАРОШЛИК СИМПОЗИУМИ БЎЛИБ ЎТАЯПТИ


06.09.2023   258

Тошкентдаги Ўзбекистон Бадиий академия Марказий кўргазмалар залида «Тошкент-2023» II Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми бўлиб ўтаяпти.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумотига кўра, II Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан ташкил этилди.

Симпозиумни вазир Азиз Абдуҳакимов кириш сўзи билан очиб, барчани Ўзбекистон мустақиллигининг 32 йиллиги билан самимий табриклади.

«Мазкур симпозиум ҳайкалтарошлик санъати орқали экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мавзусини халқимиз онгига чуқурроқ сингдиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, Тошкент шаҳрининг маданий муҳити ва бадиий-ландшафт қиёфасини ривожлантириш учун мармардан ҳайкалтарошлик асарлари яратиш, хорижлик ҳайкалтарошлар билан самарали ижодий ҳамкорлик, тажриба алмашиш учун қулай шарт-шароитни юзага келтириш мақсад қилинган», деди Азиз Абдуҳакимов.

Таъкидлаш жоизки, бу галги симпозиумда Буюк Британия, Италия, Испания, Аргентина, Ҳиндистон, Туркия, Эрон, Россия, Грузия ва Беларусь каби давлатлардан 10 нафар хорижий ва 11 нафар ўзбекистонлик ҳайкалтарошлар қатнашмоқда.

Симпозиум давомида тажрибали ҳайкалтарошлар томонидан урбанизация, «яшил» ривожланиш, иқлим ўзгариши, Орол фожиаси оқибатлари ҳақида монументал ва декоратив асарлар яратилади. Қолаверса, хорижлик ва маҳаллий профессионал ҳайкалтарошлар иштирокида маҳаллий ёшлар учун «мастер-класс»лар ташкил этилади, экотуристик объектлар, истироҳат боғлари, «яшил парк»ларда экологик тарғибот монументлари ўрнатилади. Симпозиум бир ой давом этади.

Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми илк бор 2022 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказилган эди.