АТРОФГА НАЗАР

СУД ЗАЛИГА ҚАДАР ЕТИБ КЕТГАН ОИЛАВИЙ ЖАНЖАЛ ЯРАШУВ БИЛАН ЯКУН ТОПДИ


30.09.2023   416

Жаҳл келганда, ақл кетар, деган гап бежиз айтилмаган. Айниқса, оилада эр-хотин ўртасида можаро юзага келганида, тушунмовчиликни имкон қадар вазминлик билан ҳал қилиш содир этилажак кўнгилсизликнинг олдини олиши турган гап. Йўқса, ўзаро жанжал оилавий зўравонликка айланиб кетиши ҳеч гап эмас. Бунга Бўстон туманида яшовчи Шокировлар оиласида (исм-фамилиялар ўзгартирилган) келиб чиққан можаро ҳам яққол мисолдир.

Биркуни эр-хотин –Шаҳризод ва Нодирахон ўртасида гап қочди. Ғазабдан ўзини тия олмаган Шаҳризод турмуш ўртоғига нисбатан зўравонлик қилди.Яъни унинг юзига уриб, соғлиғи бузилишига олиб келган ўртача оғир тан жароҳати етказди. Бу ҳол, юқорида айтилганидек, суд залига қадар етиб келди. Негаки, Шаҳризоднинг қилмишига нисбатан Жиноят кодекси 1261-моддасининг 4-қисми билан иш очилганди-да. Бу модда қонун тилида “оилавий (маиший) зўравонлик” деб аталади.

Жиноят иши судда кўрилиши жараёнида,жабрланувчисудга ярашув тўғрисида ариза билан мурожаат қилиб, содир этилган жиноят натижасида ўзига етказилган зарар тўлиқ қоплангани, турмуш ўртоғи билан бир оила бўлиб яшаб келишаётган, шу сабабли унга нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги билдирди. Шунингдек, ярашув тўғрисидаги аризани ўз хоҳиши билан ёзгани, унга бирон-бир тазйиқ бўлмагани, ярашув суд томонидан тасдиқлангандан кейин, келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатларни тушунганлигини маълум қилди.

Суд ишни атрофлича кўриб чиқиб, Шаҳризод Шокировни жавобгарликдан озод қилиб, жиноят ишиниҳаракатдан тугатиш хусусида ажрим қабул қилди.

Кечиримлилик халқимизга хос ажойиб фазилат. Сўз бораётган ҳолатда ҳам Нодирахоннинг фарзандларининг отасига нисбатан кечиримлилиги, Шаҳризоднинг эса ўз хатти-ҳаракатларидан хулоса чиқарганлиги дарз кетишига бир баҳя қолган оилани сақлаб қолди.Ўйлаймизки, воқелик иккисига ҳам сабоқ бўлди ва бу хонадон аъзолари энди оила қўрғонини мустаҳкамлаш пайидан бўладилар.

Камолиддин ШАҲОБУТДИНОВ,

жиноят ишлари бўйича Бўстонтумани судининг раиси