ҲУҚУҚ

ШАХС ЭРКИНЛИГИНИНГ МУСТАҲКАМ ҲУҚУҚИЙ ЗАМИНИ


29.12.2023   2478

Мамлакатимизда «Инсон қадри учун» деган тамойил барча соҳалардаги ислоҳотларнинг асосини ташкил этаётганлиги сир эмас. Зотан, кейинги йилларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга риоя этишни таъминлаш масаласи давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишига айландики, жорий йилда янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизнинг муқаддима қисмидаёқ “инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланадиган инсонпарвар демократик давлатни, очиқ ва адолатли жамиятни барпо этиш борасида ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулиятимизни англаган ҳолда” жумлаларининг акс эттирилганлиги ҳам ушбу фикрга яққол исботдир.

Гап инсон, унинг эрки, шаъни ва қадр-қиммати хусусида борар экан, бу соҳадаги қонунчилик ҳам тобора такомиллаштирилиб, ҳаётга татбиқ этиб борилаётганини таъкидламоқ ўринлидир. Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 21 декабрда қабул қилинган “Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат тамойилларини кенг жорий этишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони бу борадаги навбатдаги дадил қадам деб айтиш мумкин.

Мазкур ҳужжатда одам савдосидек жирканч жиноятларга қарши янада жадал курашиш, ундан жабрланган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, қолаверса, ҳар бир шахс учун муносиб меҳнат шарт-шароитлари ва тамойилларини яратиш каби жиҳатлар ўз ифодасини топган.

Унга кўра, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси эндиликда Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия этиб қайта ташкил қилинади.

Миллий комиссия ўз навбатида одам савдосига қарши курашади, бу иллатдан азият чекканларни ҳимоя қилади. Муносиб меҳнат шароитларининг халқаро умумэътироф этилган стандартларини кенг жорий этиш каби муҳим ва бугун учун ўта долзарб масалаларни мувофиқлаштиради. Комиссия бу борада махсус дастур ишлаб чиқади ва уни ҳаётга татбиқ қилади. Комиссия зиммасига одам савдосининг олдини олиш каби масалаларда халқаро ва минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан чоралар кўриш, бу борадаги халқаро илғор тажрибаларни ўрганиш, соҳавий ахборотларни йиғиш, таҳлил қилиш, таҳлил натижаларини кенг оммага етказиш орқали аҳолининг бу борадаги тушунча ва тасаввурларини мунтазам равишда кенгайтириб, огоҳликка чорлаб бориш каби кенг кўламли юмушлар ҳам юклатилмоқда.

Ўз ўрнида савол туғилади: одам савдоси ва мажбурият меҳнат тушунчалари кўпинча нега эгизак жумлалар сифатида ишлатилади? Гап шундаки, тартибга солинмаган меҳнат миграцияси одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар юзага келишига замин яратиб бериши эҳтимоли юқоридир. Шу маънода мазкур ҳужжатда муносиб меҳнат тамойилларини ҳамда халқаро меҳнат стандартларини кенг жорий этиш, тарғиб қилиш ва оммалаштиришга доир йўналиш бош мезонлардан бири сифатида қайд этилган.

Ўрни келганда, айрим рақамларга эътибор қаратсак. 2023 йилнинг 11 ойи давомида Андижон вилояти жиноят ишлари бўйича судлари томонидан Жиноят кодексининг 135-моддаси (одам савдоси) билан 8 та иш кўриб чиқилиб, 12 нафар шахсга нисбатан айблов ҳукмлари эълон қилинган. Биргина вилоят миқёсида тилга олинаётган ушбу рақамларнинг ўзиёқ сўз бораётган муаммонинг кўлами нечоғли катта эканлигини кўрсатиб турибди. Бундан хулоса қилиш мумкинки, давлат раҳбари томонидан юқоридаги фармоннинг қабул қилиниши ҳаётий заруратга айланган эди.

Сир эмаски, бугунги кунда хорижий давлатларда яшаётган, ишлаётган, ўқиётган миллионлаб юртдошларимиз бор. Ҳамиша ва ҳар ерда уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, айниқса, чет давлатларда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқий ҳимояси давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Бу эса юртимизнинг турли халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш, энг муҳими, юртдошларимизнинг ҳамиша ва ҳар жойда давлат ҳимоясида эканлигига ишончи мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Мазкур Фармон ана шу йўлдаги эзгу саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириш, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликлари кафолатларини мустаҳкамлаш каби жиҳатлари билан катта аҳамиятга эга.

Фаррух Абдураимов,

Андижон вилояти суди раисининг ўринбосари