ЖАМИЯТ

САМАРҚАНДДА ОЗИҚ-ОВҚАТ ХАВФСИЗЛИГИ БЎЙИЧА ХАЛҚАРО КОНФЕРЕНЦИЯ БЎЛИБ ЎТАДИ


05.09.2023   794

«Planet 360 Info» халқаро ахборот-таҳлилий порталида «Мақсад: нол очлик. Осиё ва Европа вазирлари ҳамда дипломатлари Самарқандда озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларини муҳокама қилади» сарлавҳали мақола италян, инглиз ва рус тилларида эълон қилинди.

Унда шу йил 7-8 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция бўлиб ўтиши маълум қилинган. «Тадбирда 30 дан ортиқ давлатдан вазирлар ва дипломатлар, шунингдек, халқаро ташкилотлар, молиявий институтлар, илмий ташкилотлар – Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Жаҳон банки, Ислом озиқ-овқат хавфсизлиги ташкилоти, Осиё тараққиёт банки вакиллари қатнашиши назарда тутилган, дейилади мақолада. - Конференция доирасида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш бўйича ўзининг ютуқларини тақдим этади, шунингдек, билимлар трансфери ва инновацион ечимларни йўлга қўйиш мақсадида жаҳон ҳамжамиятининг тажрибасига мурожаат қилади».

Нашрда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовнинг мазкур конференция ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтирилган: «Бугун бутун дунё ерларнинг деградацияси ва сув танқислиги, пандемия ва беқарор геосиёсий вазият муаммоларига дуч келмоқда. Сув ресурслари тугайди, юқори ҳароратлар ҳосилдорлик ва чорвачиликка салбий таъсир кўрсатади. Айни пайтда режалаштириш бозорда айрим маҳсулотлар тақчиллигининг олдини олишнинг калитидир».

Материалда таъкидлашича, анжуман доирасида «Ўзбекистоннинг агро-озиқ-овқат салоҳияти» кўргазмаси ва Ўзбекистоннинг 1-Агро-озиқ-овқат инвестиция форуми бўлиб ўтади. «Форумда Германия, Италия, Исроил, Венгрия, Корея Республикаси, Польша, Озарбайжон ва Қозоғистондан 50 дан ортиқ компания иштирок этиши режалаштирилган», - деб ёзган «Planet 360 Info».

«Planet 360 Info» - бу Италия ва хорижда жамиятнинг иқтисодий, сиёсий, маданий-гуманитар соҳаларидаги янгиликларни нашр этувчи, халқаро муносабатлардаги тенденцияларни кенг ёритувчи ахборот-таҳлилий онлайн-журнали ҳисобланади.