Хорижда

РОССИЯ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА ТАҲСИЛ ОЛАЁТГАН ТАЛАБАЛАРНИНГ МУАММОЛАРИ ЎРГАНИЛМОҚДА


09.10.2023   453

Ўзбекистон Бош консуллиги ходимлари Ростов-Дон шаҳридаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган фаол ватандошлар билан учрашдилар.

Мулоқот аввалида ҳамюртларимизга мамлакатимизда олиб боралаётган ислоҳотлар, амалга оширилаётган ижобий ўзгаришлар ва талабалар учун манфаатли давлат дастурлари тўғрисида батафсил сўзлаб берилди. Талабаларнинг ўқиш жараёни ва турмуш тарзи юзасидан фикр алмашилди.

Ўз навбатида, талабалар Ўзбекистон ҳукуматининг хориждаги талабалар ҳолидан хабар олаётгани ва уларнинг ҳаёти билан қизиқаётганидан мамнунликларини билдиришди.

Мулоқот чоғида, юртдошларимиз Россияда олинган дипломнинг Ўзбекистонда тан олиниши (нострификация), ўқишни юртимиздаги университетларга кўчириш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш имкониятлари тўғрисидаги саволлар билан мурожаат қилишди. Йўлланган саволларга дипломатлар атрофлича жавоб беришди.

Шу билан бирга, талабалар билан келгусида маданий-маърифий тадбирлар, жумладан спорт мусобақалари, ижодий кечаларни ҳамкорликда ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.