ЖАМИЯТ

ПАРРАНДАЧИЛИК – ЕТТИ ҲАЗИНАНИНГ БИРИ


06.08.2021   1924

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вилоят қишлоқхўжалиги бошқармаси томонидан Андижон қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар институтида «Паррандачилик тармоғини ривожлантириш, маҳсулотлар етиштиришни кўпайтириш юзасидан билим ва кўникмаларни ошириш мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Вилоят ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари, соҳа раҳбарлари, мутахассислари, маҳалла фуқолар йиғинлари фаоллари ушбу тадбирнинг иштирокчилари бўлдилар.

Ўзбекистон Республикаси Бош Вазирининг ўринбосари Ш. Ғаниев семинар-тренингни кириш сўзи билан очди. «Паррандасаноат» уюшмаси раиси Б. Исаев ва бошқалар ушбу тармоқни ҳозирги ҳолати ҳамда ривожлантириш чора-тадбирлари ҳақида сўзладилар.

Президентимизнинг паррандачиликни ривожлантиришга доир қатор қарорлари, давлат томонидан берилаётган имтиёзлар тармоқда ижобий ўзгаришларга асос яратмоқда. Банклар томонидан тегишли лойиҳаларга кредитлар ажратилаётгани, субсидиялар берилиши самарасини кўрсатмоқда. Паррандачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, аҳолига етказиш, озиқ-овқат хавфсизлигига эришиш бўйича ишлар изчиллаяпти.

Мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимизда паррандачиликни саноат ва уй шароитида парваришлаш,маҳсулдорликни ошириш бўйича ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Паррандачилик – етти хазинанинг бир эканлиги яққол намоён бўлаётир. Янги лойиҳалар рўёбга чиқмоқда. Бу тармоқни ривожлантиришда маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам тизимли иш юритиляпти. Ҳар бир оилада парранда боқиш шу хонадонинггина эмас, балки эл дастурхонига тухум, пархез гўшт етказишга замин ҳозирлаяпти.Паррандачилик йўналишидаги жаҳон тажрибаси, жойлардаги намунали ишлар ўрганилиши, наслчиликка эътибор кун тартибида турибди. Вилоятимизда хонадонларга товуқ тарқатилиши бўйича маҳаллаларда режали иш тутилмоқда. Бу хонадондагиларни ишли бўлиши баробарида рўзғорини қўйилтиришга хизмат қилаётир. Асака туманидаги «Барака ҳамкор парранда» хусусий корхонаси фаолияти, +ўрғонтепа тумани, +ўштепа маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, фидойи тадбиркор Умидахон Усмонованинг хонадонида паррандачилик йўналишида бажарилаётган ишлар таҳсингасазовор.

Бу хонадон соҳибаси юртдошларини ҳам парранда боқишига яқиндан ёрдам бермоқда. Аҳолига 55 минг та парранда етказиб берилгани ҳам иш ибратли бораётганидан далолатдир.

Семинар-тренинг савол-жавоб, тажриба алмашиш тарзида ташкил қилинганлиги туфайли иштирокчиларнинг мулоқоти қизғин кечди.

Семинар-тренинг қатнашчилари Асака туманидаги «Барака ҳамкор парранда» хусусий корхонаси, шу тумандаги Бахрин, Янги обод маҳалла фуқаролар йиғинларида аҳоли хонадонларида парранда боқиш тажрибаси билан яқиндан танишдилар.

- Семинар-тренингда паррандачилик йўналиши бўйича андижонликлар тажрибаларини ўргандик, - дейди Самарқанд вилояти, Пастдарғом тумани, Синчи маҳалла фуқаролар йиғини раиси Асатилло Ирисов. – Маҳалладошим Бобурбек Тоғайназаров ҳам паррандачилик бўйича шижаот билан ҳаракат қилмоқда. Семинар-тренгда у ҳам қатнашди. Андижонда ўрганганларимиз келгусида асқотади.

Семинар-тренинг эртага ҳам давом этади. Якуний синов ва тақдимотлар ҳимояси бўлади.

Тадбирда вилоят ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Р. Исматуллаев қатнашди.

Аҳмадилло СОЛИЕВ.

Хурсандбек АРАББОЕВ