ЖАМИЯТ

ОҚ ҚОҒОЗНИ ПАЙҚАМАДИ...


19.09.2020   2049

Устоз ўз талабаларга бир қоғозни кўрсатиб, уларни фикрлашга чорлабди. Қоғознинг ўртасида биттагина қора нуқта бор экан.

- Айтингчи, нимани кўряпсизлар?

- Нуқтани, – дебди биринчи талаба.

- Қора нуқтани, – дебди иккинчиси.

- Қора ва қалин нуқтани, – шошиб жавоб берибди учунчи талаба.

- Афсус, – бир муддат хаёлга берилиб қолган устоз аста сўз бошлабди. – Ҳаммангиз оқ қоғоздаги кичкинагина қора нуқтани кўрдингиз, лекин ўша нуқта турган катта ва оқ қоғозни пайқамадингиз.

Ҳаётда ҳам худди шунақа бўладида. Одамларни арзимаган кичик камчиликлари учун айблаймиз. Аслида эса ўша кичик нуқсон ортидаги катта ва олийжаноб юракни пайқамаймиз. Ёки шунчаки пайқашни истамаймиз...

Ўзим Андижон шаҳридаги 21-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқитувчисиман. Айни қоидалар асосида дарс ўтишга ҳаракат қиламан. Яъни, психолгоик-педогогик усулларга таяниб машғулот олиб бораман. Юқоридаги каби воқеалар ўқувчилар онгига тез сингади. Улардаги уқувчанлик қобилиятларини шакллантиради.

Биз педагоглар ўқувчиларга болаликданоқ олижаноб фазилатларни ўргатишимиз зарур. Ҳар ишдан ҳикмат топишни, иллат қидирмасликни, оқ ва қора нуқталарнинг моҳиятини англашни чуқур сингдиришимиз лозим. Шундагина улар мустақил ҳаётда қоқилмай дадил қадам босадилар.

Юқоридаги воқеани бежиз келтирмадим. Шундай ҳолатлар болаларни реалликка ўргатади. Атрофга, воқеликларга теран нигоҳ билан боқишни англатади. Шунинг учун ҳам дарс жараёнларида кундалик ҳаётдаги мисоллардан фойдаланишимиз мақсадга мувофиқдир.

Гулмира АБДУҚАҲҲОРОВА.