ЖАМИЯТ

ОАВНИ ҚЎЛЛАБ ҚУВВАТЛАШ БЎЙИЧА 5 ТА НИЗОМ ТАСДИҚЛАНДИ


27.06.2023   140

Ҳукумат қарори (262-сон, 26.06.2023 й.) билан ОАВни қўллаб қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш бўйича қуйидаги низомлар тасдиқланди:

Болалар учун мўлжалланган энг яхши теле- ва радиолойиҳа танловини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги.

Бунда танлов 2 йўналишда – “болаларга мўлжалланган энг яхши телелойиҳа” ва “болаларга мўлжалланган энг яхши радиолойиҳа” номинацияларида ташкил этилиб, жами 30 та энг яхши лойиҳа молиялаштирилади.

Танлов ҳар йили июль–август ойларида, ғолибларни тақдирлаш сентябрда ўтказилади;

Оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган энг яхши материал” танловни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги.

Шунга кўра, танлов ҳар йили чорак якуни бўйича қуйидаги йўналишларда ўтказилади:

— газеталар ва журналларда чоп этилган материаллар;
— телеканалларда эфирга узатилган материаллар;
— радиоканалларда эфирга узатилган материаллар;
— веб-сайтларда эълон қилинган материаллар.

Бунда ҳар бир йўналиш бўйича ғолиблар тегишлича БҲМнинг 50 баравари (1-ўрин), 40 баравари (2-ўрин) ва 30 баравари (3-ўрин) миқдорида рағбатлантирилади.

Шунингдек, ҳар бир йўналиш бўйича 5 тадан 22 тагача совриндорлар аниқланиб, улар БҲМнинг 10 баравари миқдорида рағбатлантирилиши назарда тутилган;

ОАВ ходимларининг хорижий тилларни ўрганиш ҳамда хорижий тиллар бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлиш учун имтиҳон топшириш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги.

Низомга мувофиқ, ОАВда камида 1 йил давомида асосий иш жойи сифатида ишлаб келаётган ходимларнинг хорижий тилларни ўрганиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 15 бараваридан ошмаган қисми компенсация қилинади.

Бунда улар хорижий тиллар бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга бўлиши лозим;

Жисмоний шахслар томонидан даврий босма нашрлар, китоб ва бошқа матбаа маҳсулотларига электрон тарзда обуна бўлиш ҳамда даврий босма нашрлар учун обуна харажатларининг бир қисмини қайтариб бериш тартиби тўғрисидаги.

Шунга кўра, “Обуна” ягона электрон платформаси ва унинг мобил иловаси орқали даврий босма нашрларга обуна харажатларининг қайтариладиган миқдори обуна расмийлаштирилгандан 1 ой ўтганидан кейин шакллантирилади.

Обуна харажатларининг бир қисми қуйидаги миқдорларда қайтарилади:

— ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий, адабий-бадиий, ҳуқуқий, илмий-оммабоп даврий босма нашрлар – обуна нархининг 10 фоизи миқдори;

— болаларга мўлжалланган даврий босма нашрлар – обуна нархининг 20 фоизи миқдори;

Давлат органлари ва ташкилотлари муассислигида бўлмаган даврий босма нашрларнинг замонавий электрон шаклларини яратиш, уларни модернизация қилиш ва бир йил давомида юритиш харажатларини қоплаш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик низом.

Бунда ҳар йили энг яхши 20 та лойиҳани аниқлаш бўйича танлов эълон қилиниб, ғолиб лойиҳаларга Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан маблағ ажратилади.