Жамият

МУЛОҲАЗА: «ҚЎЯВЕРИНГ, БИР КУН КЕЛИБ ЎРГАНАДИ-ДА»


10.08.2019   180

Кўча четидаги ўриндиқда ўтирган оқсоқолнинг олдигаўрта яшар бир киши набираси билан келди. Аввал ўзи салом берди. Бола ангра-йиб қараб тураверди. Шунда оқсоқол:

– Кичкинтой салом бермаяпти-ку ёки билмайдими, – деди кулиб.

Ўрта яшар киши қўл силтади ва «Қўяверинг, бир кун келиб ўрганади-да» – дея атрофга бепарво назар ташлади...

Бундай ўйлаб кўрсак, оддий ҳол. Кейинги гапга сиз ҳам қўшилишингиз мумкин. Бироқ яна бир карра мулоҳаза юритсак, беш-олти яшар бола катталарнинг ёнига келганда «Ассалому алайкум!» деган каломни қачон ўрганади? Абу Али ибн Сино бобомизга уч ойлик гўдакни келтиришиб, «тарбиясини қачон бошлаймиз?» - деб сўрашганида «тарбия бобида кечикяпсизлар, уч ойни ўтказиб юборибсизлар-ку» деган маънода пурҳикмат гап айтган эканлар. Йўл қўйилган, биз аҳамият беришга арзимайди, деб ҳисоблайдиган воқеа-ҳодисалар бориб-бориб катта муаммога айланиб кетишини нега англамаймиз?

Ибратли ҳикоят ўқиган эдим. Сичқон омборда бир чеккага қў-йилган қопқонни кўриб қолади. Бу ҳақда қўйга, товуққа ҳамда сигирга айтади. Аммо улар бефарқлик билан «қопқон бўлса нима бўпти, бизга ҳеч қандай алоқаси йўқ» деб хотиржам жавоб қайтаришади.

Бир куни қопқонга илон тушиб қолиб, омбор эгасининг хотинини чақиб олади. Илон заҳрини чиқариб ташлаш учун ва бу аёлга қувват бўлади, деган умидда эри товуқни сўяди. Шўрва пишириб ичирса-да, кор қилмайди.

Оғир аҳволда қолган бу хотинни кўргани ҳол сўраб кўпчилик келади. Эр энди қўйни сўйиб, уларни кузатади. Афсуски, аёл вафот этади. Эҳсон учун мол сўйилади.

Ўша биргина огоҳлантириш барчасини ҳушёр торттирганида эди...

Улуғ шоиримиз Эркин Воҳидов шундай ёзган экан:

Ҳар инсон зотида ўзга бир матлаб,

Ҳар инсон зотида ўзгача қисмат.

Мендан ҳар нарсани қилингу талаб,

Кўру кар бўлмоқни сўраманг фақат.

Бундан орттириб бирон-бир гап айтиб бўлармиди? Боя «ассалом»ни билмайдиган болакай ҳақида сўз бошлаган эдим. У катта йўл бошида турибди. Катта йўл, катта ҳаёт, катта қувончлар, катта ташвишлар... Уларнинг бари майда қадамлардан бошланади.

Севара

ШАМСИДИНОВА.