АТРОФГА НАЗАР

МЕВАЛИ ДАРАХТЛАРНИНГ СУВГА БЎЛГАН ТАЛАБИ


26.01.2024   1529

Олма - намсевар ўсимлик. Унинг сувга бўлган талаби пайвандтагга ҳамда илдизларнинг тупроқда жойлашиш чуқурлигигабоғлиқ.

Нок - ёш вақтида, ҳали узун ён илдизлар пайдо бўлмагунча сувга талабчан бўлади. Ер ости сувларининг юза жойлашиши салбий таъсир кўрсатади. Ҳавонинг қуруқлигига чидамсиз. Беҳига пайванд қилинган, илдиз тизими ҳали яхши ривожланмаган нок намга анча талабчан бўлади.

Беҳи - қурғоқчиликка яхши чидамли, бунда у буғланишни камайтиради ва тупроқнинг ўта намлигига карши баргларини буриштиради. Тупроқ намлиги мўътадил бўлганда сифатли ва мўл ҳосил беради.

Ўрик - ҳавонинг қуруқлигига чидамли, бундай шароитларда замбуруғ касалликлари билан кам зарарланади. Ҳавонинг ўта намлиги доғланиш (клестоспориоз) касаллигини келтириб чиқаради.

Шафтоли - кўпчилик навлари намли шароитга талабчан ҳисобланади. Лекин, баъзи навлари тупроқда нам етишмаслигига ҳамда ҳавонинг қуруқлигига нисбатан чидамли бўлади. Ҳаво жуда нам бўлганда замбуруғ касалликлари билан зарарланади.

Олхўри - асосан илдиз тизими юза жойлашганлиги сабабли тупроқ ҳамда ҳаво намлигига талабчан ҳисобланади. Қуруқ тупроқда ҳамда ҳаво қуруқ бўлганда суст ўсади ва мевалари майда бўлиб қолади. Улар кўпинча тўкилиб кетади. Олхўрилар ичида тоғолча қурғоқчиликка анча чидамли ҳисобланади.

Гилос - ҳаво намлигига унча талабчан эмас, бирок мевалари пишаётган даврда ёққан ёмғир уларнинг ёрилиб кетишига сабаб бўлади. Ер ости сувларининг юза жойлашиши гилосга салбий таъсир кўрсатади.

Ёнғоқ - нам етарли бўлган тупроқлардагина яхши ўсади; қуруқ ва сернам тупроқда яхши ўсмайди. Тупроқ намлиги етарли бўлганда ҳавонинг қуруқлигидан унча зарарланмайди.

Бодом - қурғоқчиликка чидамли, қуруқ тошлок тупроқларда эркин ўса олади.