Жамият

ҚОРАСУВ: ЗАМОН БИЛАН ҲАМНАФАС


09.09.2019   202

Барча жойларда бўлгани каби Қорасув шаҳрида ҳам улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари олиб бормоқда. Бугун шаҳарга ташриф буюрган киши унинг қиёфаси тубдан ўзгариб бораётганини ҳис этади. Ҳозир шаҳар кўчаларини айланган одам уни бир вақтлар оддий қишлоқлардан фарқ қилмаганлигини тасаввур эта олмайди.

Одилжон Холматов Қорасув шаҳрида туғилди. Танти ва меҳнаткаш, тадбиркор ва саҳий ҳамшаҳарлари бағрида униб ўсди. Мактабни тамомлагач, Фарғона политекника институтида таҳсил олди. Қўрғонтепа туман электр тармоқлари корхонасида бошлиқ вазифасида ишлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини муваффақиятли тамомлади.

Айни кунда Қорасув шаҳри ҳокими вазифасида фаолият кўрсатиб келаётган Одилжон Холматов ҳудуддаги ҳар бир маҳалла, кўча, катта-кичикни яхши билади. Қишлоқ хўжалиги соҳасида етук мутахассис бўлган дадаси Адҳамжон аканинг ўгитлари бугун унга асқотмоқда. Халқ билан бирга бўлиш, унинг дарду-ташвишига қулоқ тутиб, қўлдан келган ёрдамини аямаслик унга хос фазилатдир.

Шаҳар одамларининг бугунги ўю-фикрлари, дунёқараши, олиб бораётган бунёдкорлик ишлари, эришаётган ютуқлари билан танишиш мақсадида ижодий сафар уюштирдик. Ушбу саҳифада қорасувликлар ҳаётини акс эттиришга ҳаракат қиламиз.

БУГУНГИ ҚОРАСУВ

Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бу ўзгаришларнинг дастлабки натижалари аҳоли ҳаёти ва кундалик турмушида ўзининг яққол ифодасини топмоқда. Эл-юртимизнинг ижтимоий фаоллиги, эртанги кунга ишончи ўсиб бормоқда.

Янги иш ўринларини ташкил этиш шаҳар ҳокимлигининг доимий эътибор марказида бўлди. Саноат корхоналари фаолиятини йўлга қўйиш, хизмат кўрсатиш обектларини ишга тушириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан кўплаб иш ўринлари ташкил этилди.

“Милан текстиль” корхонасида 30 нафар аёл-қизнинг иш билан бандлиги таъминланди. Тайёрланаётган трикотаж маҳсулотлари Россия, Қирғизистон давлатларига экспорт қилинаётир. 120 нафар ишчи-хизматчи меҳнат қилиши кўзда тутилган “ММШ текстиль люкс” жаҳон бозорларида рақобат қиладиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. “Тандем текс” қўшма корхонасига тўқув дастгоҳлари келтирилиб, кўплаб ёшлар ишга жалб этилди.

Таълим муассасаларини қуриш, мавжудларини таъмирлашга алоҳида эътибор қаратиляпти. Шаҳар ўрамидаги 6 та умумий ўрта таълим мактаби ва 1 та давлат ихтисослаштирилган мактабда фарзандлар устозлардан пухта билим олмоқдалар. Барча таълим масканларида янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари талаб даражасида ташкил этилди.

Фарзандларимиз тарбиясида энг асосий бўғин ҳисобланган мактабгача таълим тизмининг жамиятимиз ҳаётидаги юксак ўрни ва аҳамиятини эътиборга олиб, МТТлари фаолияти танқидий ўрганилди. Ҳозирги кунда мавжуд 7 та муассасаларнинг барчаси тўлиқ қувват билан ишламоқда.

Шаҳардаги 2-сон мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси “1-сон қурилиш монтаж бошқармаси” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан барпо этилди. 150 ўринли маскан қурилишида 2 сменада иш ташкил этилиб, ўз муддатида эгаларига топширишга ҳаракат қилинди. Шаҳар ҳудудида муқобили бўлмаган замонавий муассаса барча қулайликларга эгалиги билан тарбиячилар, тарбияланувчиларга манзур бўлди ва ота-оналарни мамнун қилди.

Болалар қамровини ошириш мақсадида бошланган ишлар давом эттирилиб, 3 та мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилади. Шулардан биритадбиркор Улуғбек Отабоев томонидан қурилаётган 150 ўринли нодавлат таълим муассасасидир.

Ёшларнинг спорт соҳасидаги ютуқлари хам барчани қувонтирмоқда. Вилоят, республика, халқаро мусобоқаларда қатнашиб келаётган 2 - сон болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ёш спортчилари орасидан чемпионлар етишиб чиқмоқда. Масканда 25 нафар мураббий 872 нафар ўғил-қизларга маҳорат сабоқларини бериб келмоқдалар. Жахон чемпиони Нодирбек Аҳаджонов, Жаҳон чемпионати финалчиси Дурдона Абдукаримова, Ўзбекистон чемпионлари Фаҳриддин Фозилов, Абдураҳмон Тиллабоев, Абдулазиз Турсунов, Закарё Эргашев, Азизиллоҳ Абдураҳмонов, Жамолиддин Жўрабоев, Муҳаммадазиз Бултуров, Салоҳиддин Раҳимовлар қорасувликларнинг фахридир.

Аҳолига қулай турмуш шароити яратиш йўлида ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов бошчилигида муаммолар йиғилиб қолган уй-жой мулкдорлар ширкатларидаги масалалар қисқа муддатда ҳал этилди. Илгари фаолияти сезилмаган “Ободлик гулшани” ширкати ўрнида “Обод юрт тараққиёти”, “Ибратли обод диёр” ширкатлари ташкил этилди. Ҳозирги кунда бу жойда бўлган одамнинг кўзи қувонади. Шундай ибратли манзара Амир Темур маҳалласи ҳудудидаги “Ибратли юрт пойдевори” хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатида ҳам ўз ифодасини топиб, кўп қаватли уйларда 374 миллион сўмлик капитал таъмирлаш ишлари бажарилди.

Шаҳар марказий кўчаларида амалга оширилган ўзгаришлар хам эътирофга лойиқ. Андижон, Бобур шохкўчаси, Қорасув кўчалари капитал реконструксия қилиниб, замонавий қиёфага кирди. Тунги чароғон чироқлар, кўркам арча ва каштанлар, равон асфалт йўл, брусчатка ётқизилган пиёдалар йўлаги - буларнинг барчаси, қорасувликларнинг хурсандчилигига сабаб бўлмоқда.

Суратда: Туман ҳокими Одилжон Ҳолматов шаҳардаги қурилиш ишлари билан танишмоқда.

ТИНЧЛИК БОР ЖОЙДА ХОТИРЖАМЛИК БОР

Тўпахон ая Холматова оила-аъзолари, маҳалладошлари даврасида умргузаронлик қилаётган вилоятимиздаги кекса онахонлардан бири. У 107 ёшни қарши олмоқда. Долғали даврларнинг қийинчиликларини мардоновор енгиб, бугун эътибор ва эҳтиромда бўлган момо энг азиз неъмат деб тинчликни билади.

- Тинчлик булғанган жойда хотиржамлик, барака, оқибат, энг яқин одамларинг бўлмайди, - дейди онахон. – Уруш - одамларнинг жонига, қонига тўймайдиган маҳлуқ. Яқинларимнинг кўпи фронтда, яна қанчаси очликдан, касалликдан ўлиб кетди. Нотинчлик бор жойдахаловат йўқ. Шунинг учун уни қадрига етиш керак.

Турмуш ўртоғи Турғунбой ака иккинчи жаҳон урушидан қайтгач, тикланишда олдингилар сафида бўлди. Тўпахон ая билан ҳаёт йўлларини боғлаб, 5 нафар фарзанди – Турсунали, Муқаддамхон, Турдиали, Муножатхон, Ботиралиларни вояга етказишди. Отахон ёруғ оламни тарк этганидан буён 36 йил ўтди. Ўшанда тўнғич фарзандлари Турсунали 35 ёшда эди.

- Оналардаги буюк қудратни волидаи муҳтарамамда кўраман, - дейди у. – Метин иродаси, қатъияти, меҳнаткашлиги бизларга ибрат бўлиб келган. Бугун фарзандларимиз, набираларимиз, маҳалладошларимизга панд-насиҳатлари билан тўғри йўл кўрсатиб, барчани алқайдилар. Бизнинг бахтимиз ҳам шунда.

Кенжа фарзанди Ботирали ака ва келини Тожихон опалар онахонни асраб авайлайдилар. Невара келин Нигорахон унинг атрофида парвона.

- Тўпахон ая - бизнинг фахримиз, - деди Аҳмад Яссавий маҳалла фуқаролар йиғини раиси Мақсудахон Солиева. – Оиласидан ҳар қанчаибрат олса арзийди. Фарзандлари халқ хизматидан нафақада чиққан бўлсада жамоат ишларида фаол иштирок этади. Набиралари ҳам одобли, меҳнаткаш бўлиб камолга етишяпти. Маҳалламизда 3 минг 112 нафар аҳоли яшайди. 2020 йилга “Обод маҳалла” дастурига киритилган. 600 ўринга мўлжалланган мактаб қурилди. Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 92 та бетон устунлар қўйилди. 4 та кўчага шағал ётқазилди.

Онахон оиладагилари, келганлардан, “ойнаи жаҳон” орқали юртимиздаги ўзгаришлар ҳақида хабардор бўлиб туради. Бугунги кунда олиб борилаётган ишлардан мамнун бўлиб, хайрли ишлар бошида турганларни дуо қилади.

Суратда: 107 ёшли момо фарзандлари, набиралари ва чеваралари даврасида.

ҚОРАСУВЛИК СЎНГГИ ЖАНГЧИ

Уруш фахрийси, кўплаб орден ва медаллар соҳиби Эргашбой ота Маматов хонадонига йўл олдик. Йўлбошчиларимиз жанггоҳлардан қайтиб, узоқ йиллар умргузаронлик қилганлар орасидан шаҳарда фақатгина отахон қолганлиги ҳақида айтишди. Қаҳрамонимиз хонадонида дуо олиш учун келган янги турмуш қурган келин-куёвга рўбарў келдик. Улар қизи Донохон опанинг ўғли Исломжон ва келини Мафтунахон экан. Биз ҳам ёшларга бахт тилаб, ота билан суҳбатга киришдик.

- Уруш бошланганида 17 ёшда эдим. Мактабда 7-синфгача ўқиганман. Оилада 3 ўғил, 4 қиз бўлганмиз. Ота - онам далада меҳнат қилган. Уларнинг ёнига кириб, сувчи, иш юритувчи бўлиб юрган пайтларимда уруш бошланди. 1942 йилда барча қатори урушга сафарбар этилганман, - дейди Амир Темур маҳалласида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Эргашбой ота Маматов.

У Сталинград учун жангларда, Украинани озод қилишда қатнашди. Урушнинг сўнгги йилларида оғир жароҳат олди.

- Госпиталга тушиб қолдим. Ҳушимга келганимда қўлим ва оёғимда кучли оғриқни сездим. Ўшанда ҳаёлимдан “Наҳотки уйга оёқсиз кетаман?” деган даҳшатли ўй ўтганди. Шукурки, оёғим соғ қолди. Узоқ вақт даволангач, уйга қайтдим.

Эргашбой ака яна ҳаёт уммонига шўнғиб кетди. Орадан икки йил ўтиб, далада бирга ишлайдиган Ҳалимахон исмли қизга уйланди. Уч қиз, тўрт ўғил бўй кўрсатиб, ота-она ёнига кирди.

Орадан йиллар ўтди. Ўғиллар уйланди, қизлар узатилди. Ҳалимахон онанинг тақдирига Эргашбой ота би­лан қўша қариш битилмаган экан. Аёлининг вафотидан кейин икки норғул ўғилларидан ҳам ажралган Эргашбой аканинг қадди айрилиқлардан букилди.

Уруш қатнашчиларига бўлган эътибор, Юртбошимиз ва ҳукумат томонидан курсатилаётган ғамҳўрликлар боис отанинг қадди яна тикланмоқда. Кексаларимиз ҳар йили мамлакатимизнинг энг яхши сиҳатгоҳларида дам олмоқдалар. Ўтган йили Эргашбои отага навбатдан ташқари “Дамас” автомашинаси берилди.

- “Нуроний” жамғармаси томонидан уй таъмирлаб берилди,- дейди маҳалла раиси Содиқжон Тошқўзиев. – Биз ҳам кам - кўстини тўлдириб, хабар олиб турибмиз. Ўғли Равшанбек, келини Хурсаной отанинг хизматида. Мана шундай дуогўй фахрийларимиз доимо бор бўлишсин.

Суратда: уруш фахрийси Эргашбой ота Маматов қизи, келини, набира келини ва чевараси билан.

“АББОС”ДА ИШЛАЙМАН

“Аббос” хусусий корхонасига 2015 йилда асос солинган. Болалар ва катталар учун пахтадан ишлаб чиқарилаётган пайпоқларнафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам харидоргир.

-Ўз даврида шаҳримиз пайпоқ тўқиш фабрикаси билан машҳур бўлган, - дейди корхона бошлиғи, туман кенгаши депутати Одилжон Тожибоев. – Афсуски, у инқирозга юз тутди. Узоқ мулоҳазалардан сўнг ушбу йўналиш бўйича тадбиркорлик фаолиятимни бошлашга қарор қилдим. Таклифимни маҳаллий ҳокимлик қўллаб-қувватлади. Дастлаб, эски дастгоҳларда маҳсулот чиқардик. Кейинчалик Хитойдан замонавийларини келтирдим.Ёшларни ишга жалб қилиб, четникидан қолишмайдиган, харидоргир пайпоқларни етказиб беришни бошладик. Ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва янги иш ўринлари яратишга ҳаракат қиляпмиз. Яқин йиллар ичида пайпоқ фабрикаси билан Қорасувни яна машҳур қиламиз.

Корхонада 30 га яқин ишчи меҳнат қилмоқда. Улар автоматлаштирилган мураккаб ускуналарни бошқаришни қисқа муддатларда ўрганиб олдилар. Ёш ишлаб чиқариш усталари Шоҳрухбек Эргашев, Жаҳонгир Шаробиддиновлар ишни бир маромда кетишига муносиб улуш қўшмоқдалар. Зарурият туғилганида таъмирлаш ишларини олиб бориб, технологик носозликларни бартараф этишади. Ойлик маошлари 3 миллион сўмдан кам эмас.

Корхонада асосан аёллар меҳнат қилади. Ҳаммалари опа-сингилдек бўлиб кетишган.Улар учун барча шароитлар яратилган. Биз корхонада бўлган куни ишчи қизлардан бири унаштирилгани муносабати билан патир ва турли ширинликлар маросимдан насиба қилиб келтирилибди.

- Бир оиладекмиз, - дейди ишчи Муқаддасхон Қўлдошева. –Яқин кунларда тўйим. Унга бутун жамоамиз бориб, азиз меҳмонимиз бўлишади. Тўйдан кейин ҳам ишимни давом эттираман.

Ишчиларга бепул тушлик ташкил этилган. Байрам, туғилган кун ва бошқа муҳим саналарга атаб кўнгилочар тадбирлар уюштирилади. Эҳтиёжмандларга ёрдам берилади ва қўллаб-қувватланади. Шунинг учун “Аббос”да ишлаш истагида бўлганлар сони ортиб бормоқда.

Суратда: ишчи Нозима Йўлдошева, ёрдамчи уста Шоҳруҳбек Эргашев ва корхона раҳбари Одилжон Тожибоев.

Суратда: шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Наргизахон Холматова корхона ишчилари Моҳларой Жабборалиева, Марғуба Қозоқжонова, Муқаддасхон Қўлдошевалар билан.

Биз бугунги Қорасув ва қорасувликлар ҳақида айримжиҳатларнигина қаламга олдик. Бу каби ишлар ҳар куни, ҳар бир маҳалла, жамоа, оилада бўлаётгани биз журналистлардан ҳали кўп ёзишимиз кераклигини англатади. Улкан ўзгаришлар бўсағасида турган шаҳар ҳақида қаҳрамонлик достонлари, тарихга даҳлдор асарлар ёзилишига ишонамиз.

Муроджон Тўхтаназаров, Шефие Иманкулова, махсус мухбирлари.

Сирожиддин Ҳасанов “Қорасув тонги” газетаси муҳаррири.