ҲУҚУҚ

ИЖРО ҲУЖЖАТЛАРИНИ ЭЛЕКТРОН ШАКЛДА БЕРИШ ТАРТИБИ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ


04.01.2024   2712

Президент фармонига кўра (https://t.me/huquqiyaxborot/15171), 2024 йил 1 майдан:

➖суд ҳужжатлари асосида ижро ҳужжатларини электрон шаклда бериш (юбориш, тақдим этиш) тартиби жорий этилади;

➖фуқаролардан қарздорликлари учун ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган энг кам кафолатланган даромад белгиланади;

➖ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби почта харажатлари бўйича қарздорликни ундиришга ҳам татбиқ этилади.

2024 йил 1 декабрдан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминловчи “Мажбуриятлар реестри” институти жорий этилади.

2024 йил 1 апрелдан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатлари мажбурий ижроси доирасида мол-мулкни шартнома-воситачилик асосларида сотиш фақатгина мол-мулкни қабул қилишдан уни сотишгача бўлган жараёнларни масофавий мониторинг қилиш электрон тизимини жорий қилган савдо ташкилотлари томонидан амалга оширилади.

Мажбурий ижро бюросига асосий фаолияти вояга етмаганлар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қўшимча 230 та давлат ижрочиси штат бирлиги ажратилади.

Марказий аппаратнинг Ташкилий-назорат ва таҳлил бошқармаси таркибида Мониторинг маркази ташкил этилади.

Марказий аппаратда Активларнинг ҳисобини юритиш ва бошқариш бўлими, Бюронинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармаларида Активларнинг ҳисобини юритиш ва бошқариш шўъбаси ташкил этилади.