ЖАМИЯТ

ФУТБОЛ БЎЙИЧА ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ ТЕРМА ЖАМОАСИ МЕКСИКА БИЛАН ЎЙИНДА МУРОСА ЙЎЛИНИ ТАНЛАДИ


13.09.2023   433

Аввал маълум қилинганидек, фубол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси шу кунларда АҚШда ўқув-йиғин машғулотларини ўтказмоқда.

Тошкент вақти билан бугун тонги соат 5.00 да мамлакатимиз бош жамоаси йиғин доирасидаги иккинчи халқаро ўртоқлик учрашувини ўтказди. Қўшма Штатларнинг Атланта шаҳридаги «Мерседес Бенц» стадионида Ўзбекистон терма жамоаси жаҳоннинг энг кучли терма жамоаларидан бири - Мексикага қарши ўйнади.

Учрашувдан олдин аксарият футбол ишқибозлари ушбу баҳсда Мексика терма жамоасининг ғалабасини башорат қилишган эди. Албатта, бунга етарлича асослар бор. Чунки, ФИФА рейтингида 12-ўринда бораётган Мексиканинг имкониятлари ва футболчиларнинг даражаси ушбу рейтингда 74-ўриндан жой олган Ўзбекистондан анча устун. Шунингдек, Шимолий америкаликлар таркибида ҳаракат қиладиган аксарият футболчилар Европанинг энг кучли клубларида тўп суради. Бундан ташқари, Мексика жаҳон чемпионатларида мунтазам иштирок этадиган жамоа. Ушбу омиллар ғалабани Мексика томонига ағдараётган эди. Бироқ, майдонда содир бўлган воқеалар ўйиндан олдин айтилган фикрларни инкор этди. Сречко Катанес шогирдлари мексикаликларга барча жабҳада муаммо туғдира олишди.

Бош мураббийимиз 9 сентябрь куни АШҚга қарши ўйнаган таркибга бир қатор ўзгартишлар киритди. У терма жамоамиз сардори Элдор Шомуродовни ҳам заҳирага қолдирди.

Мексикага қарши майдонга тушган футболчилар рақибнинг маҳоратли ўйинчилари олдида довдираб қолишмади. Улар аниқ комбинацион ҳужумлар орқали рақиб дарвозаси томон ҳужумлар уюштиришди. Якунда учрашув 3:3 натижаси билан якунланди. Ўзбекистон терма жамоаси таркибида голларга Бобир Абдихолиқов, Азизбек Турғунбоев ва Отабек Шукуров муаллифлик қилишди.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, ушбу баҳсда Ўзбекистон ғалабани илиб кетиши мумкин эди. Ҳимоячиларимиз томонидан йўл қўйилган қўпол хатолар ўйинда дуранг натижа қайд этилишига сабаб бўлди.

Ушбу ўртоқлик учрашуви орқали мураббийлар штаби терма жамоамизнинг қайси нуқтасида камчиликлар борлигини кўриб олишди. Ўйлаймизки, ушбу камчиликлар расмий учрашувларга қадар бартараф этилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси мазкур ўқув-йиғинлари доирасидаги биринчи ўйинни 9 сентябрь куни АҚШга қарши ўтказди. Унда Қўшма Штатлар футболчилари 3:0 ҳисобида ишончли тарзда ғалаба қозонишди.