Хорижда

ДУБАЙДА ЎЗБЕКИСТОНЛИК РАССОМНИНГ АСАРЛАРИ КЎРГАЗМАСИ ОЧИЛДИ


20.09.2023   434

Ўзбекистон элчихонаси Дубай Амирлигида фаолият юритиб келаётган “Andakulova Gallery” санаъат асарлари кўргазмаси асосчиси – фаол ватандошимиз Наталя Андакулова ҳамда “Freedom Finance” ва “Legends Art Club” ширкатлари кўмагида “Me Dubai” меҳмонхонасида ўзбекистонлик машҳур рассом Тимур Аҳмедов асарлари кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Шу ўринда қайд этиш жоиз, “Andakulova Gallery” галеряси бир неча йиллардан буён Марказий Осиё санъат намоёндаларининг асарларини БАА ҳудудида оммалаштиришга қаратилган фаолият юритиб келмоқда.

Тадбирдан кўзланган мақсад – Ўзбекистон мустақилликнинг
32 йиллиги ва республикамиз сайёҳлик нуфузини янада юксалтириш, мамлакатимиз маданияти ва сайёҳлик салоҳиятини кенг тарғиб қилиш билан изоҳланади.

Тадбирда БАА ҳудудидаги хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари ва ходимлари ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, инвесторлар, ташкилот ва компаниялари, туристик агентликлар ва ишбилармон доиралари вакиллари, сиёсий ва жамоатчилик арбоблари, компаниялар раҳбарлари, илмий ва олий таълим муассасалари, ОАВ вакиллари ва блогерлар иштирок этди.

Ушбу кўргазмани очилишида Ўзбекистон элчиси Абдулазиз Аккулов барча юртдошлар ва иштирокчиларни ушбу муқаддас байрам муносабати билан самимий табриклади.

Ваколатхона раҳбари Янги Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётгани, Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилаётган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилган имтиёзлар ва енгилликлар, мамлакатимизнинг бой сайёҳлик салоҳияти, тарихий-маданий ёдгорликлари, гастрономик туризм имкониятлари, юртимизда сайёҳлик хизматлари кўрсатиш борасида эришилган ютуқлар ҳамда бу йўналишда изчил давом этаётган ислоҳотларга алоҳида эътибор қаратди.

Хусусан, Ўзбекистон мустақилликка эришганидан буён дунёнинг ривожланган барча давлатлари, жумладан, БАА билан икки томонлама муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари ҳамда алоҳида стратегик шериклик даражасига кўтарилаётгани қайд этилди.

Тимур Аҳмедов асарлари барчада катта қизиқиш уйғотди.

Таъкидлаш жоиз, унинг замонамиз ютуқлари, инсоният ҳаётининг барча жабҳаларига таъсир кўрсатган глобал ўзгаришларга бағишланган ранг-тасвир асарлари санъатшунослар эътирофига сазовор бўлган. Шунингдек, рассом томонидан чизилган асарлар дунёнинг кўплаб санъат галереяларидан ҳам муносиб жой олган.

Тадбир давомида эстрада хонандаси, ватандошимиз Шерзод Остонов ижросида янграган миллий ва мумтоз куй-қўшиқлар, намойиш этилган Ўзбекистон миллий либослари, матолари ва ҳунармандчилик буюмлари меҳмонларга кўтаринки руҳ бағишлади.