АТРОФГА НАЗАР

БУ ЙИЛ ҚИШДА “СВЕТ” ЎЧМАСМИКИН?.. барчамизни ўйлантираётган саволга умидбахш жавоб излашга ҳаракат қилдик


04.10.2023   478

Баъзан вақт ниҳоятда тез ўтаётгандек. Ахир, кечагина эмасмиди, ерга уруғ қадаб, қуёш тафтига юз тутганимиз. Бугун бўлса куз фаслининг салқин кунларига шохидмиз. Ҳадемай, остонадан қиш хатлаб ўтишга ҳозир турибди. Ҳар бир фаслнинг ўз гашти, ўз сурури бўлсада, бироқ, куз-қиш ҳақида ўйлаганимиз сари этимиз бир сесканиб оладиган, ”Ишқилиб, бу йил газ, светдан муаммо бўлмасмикин?” деган ташвиш хаёлимизнинг бир четидан ўтадиган бўлиб қолган. Айниқса, ўтган йилги қиш қаҳратони барча ҳамюртларимиз қатори, айрим касб соҳибларини ҳам чинакамига имтиҳон қилди, десак муболаға бўлмайди. Жумладан, электр энергияси таъминоти соҳасида фаолият юритувчи масъулларнинг куни тунга, туни тонгга улансада, бир сония бўлсин халқ хизматидан тинмадилар. Таъминотдаги узилишлар тинка-мадорини қуритса қуритдики, чарчоғини тан олишга қўймади. Зеро, табиатга башорат йўқ, деганларидек, эртага бизни қандай ҳодисотлар кутиб турганини ҳеч ким билмайди. Демак, яқинлашаётган мавсум аҳоли учун ҳам, масъуллар учун ҳам яна бир синов даври бўлиши мумкин.

Тан олиш керак, вилоятда электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар йўқ эмас. Бироқ, муаммо бор жойда ечим ҳам бўлиши керак.

-Андижон вилоятида жорий йилда электр энергиясига бўлган эҳтиёж 6 млрд. 250 млн. кВт соатни ташкил этади,-дейди “Ҳудудий электр тармоқлари “ АЖ Андижон ҳудудий филиали матбуот хизмати раҳбари Мухлисахон Собирова. –Шундан марказлашган ҳолда етказиб бериш режаси 5 млрд. 845 млн. кВт соатни ташкил этади. Демак, 405 кВт соат электр энергияси етишмовчилиги кутилмоқда. Бу эса ҳудудда электр таъминотида муаммолар мавжудлигини билдиради.

Суҳбат двомида билдикки, айни пайтда вилоятда таъминотнинг муқобил турларидан фойдаланишга катта эътибор қаратиляпти. Жумладан, шу йилнинг ўзида 79,3 МВт қувватга эга бўлган қуёш панелларини ўрнатиш кўзда тутилган бўлиб, ҳозиргача 28,9 мВт қувватли панеллар ўрнатилди. Натижада 5 минг 907 та объектларда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш чораси кўриб бўлинди.

-Институтимизга 100 га яқин қуёш панеллари ўрнатилди,-дейди Андижон педагогика иснтитути физика-математика фанлари бўйича фалсафа доктори Мадинахон Мўйдинова. –Бунинг натижасида 3 та йирик биноларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш имконияти вужудга келди. Ҳозирча қурилма институт эҳтиёжининг 30 фоизини қопламоқда. Ушбу қурилманинг иш фаолиятини ўрганиш, тахлил қилиш институтимиз ўқитувчилари орасида янги ғояларнинг пайдо бўлишига туртки бўлди. Натижада янги қурилмани яратдик. Бу мослама орқали сув иситиш қурилмасининг бир соатлик қувватини тенг баробарга ошириб, сарфланадиган вақтни икки баробарга қисқартиришга эришдик.

Қувонарлиси шундаки, қуёш панеллари хонадонларга ҳам ўрнатилмоқда. Синов тариқасида ишга туширилган панеллар амалда ўзини оқлай бошлагач, бу борадаги саъй-ҳаракатлар янада кенгроқ қулоч ёйди.

-Хонадонимизга қуёш панеллари ўрнатилгач, таъминотдаги узлуксизликка эришдик,-дейди Бўстон туманида истиқомат қилувчи Абдураҳмон Сайдалиев. –Энди чироқ ўчиб қолиши билан боғлиқ ташвишларга ҳожат қолмади. Қолаверса, маблағимиз 20 фоизга иқтисод қилинмоқда. Сув иситиш коллектори орқали мунтазам иссиқ сув таъминотини йўлга қўйдик. Унинг афзаллик жиҳатлари кўп экан. Масалан, тунда ҳарорат -10 даража бўлганда ҳам термосдаги сув ҳарорати +6, +9 даражани ташкил этар экан. Таъминотнинг муқобил туридан фойдаланиш турмуш тарзимизни тубдан ўзгартириб юборди. Ва ҳоланки, шу пайтгача қишлоқ шароитида иссиқ сув таъминотини тасаввур қилиш ҳам мумкин эмас эди.

Амалиётда ўзининг афзаллик жиҳатларини намойиш эта олган ушбу панеллар айни пайтга келиб тумандаги 125 та хонадон, 79 та ижтимоий соҳа объектлари ва 7 та тадбиркорлик субъектларида самарали хизмат қилиб келмоқда.

Ҳаммамизга маълумки, авваллари мини ГЭСлар фаолияти электр энергиясига бўлган эҳтиёжимизни бир мунча қоплаб келган. Бугунги кунга келиб эса улардан фойдаланилмаётир. Бироқ, таъминотдаги узилишлар, етишмовчилик, тақчиллик ҳукм сураётган айни дамда уларни таъмирлаш, ишга тушириш мақсадга мувофиқдир. Зеро, республикамизнинг аксарият ҳудудларида бунинг ҳали имкони мавжуд. Жумладан, Андижон вилоятида ҳам жорий йилнинг ўзида 49,78 мВт қувватга эга бўлган 17 та микро ва кичик ГЭСларни ишга тушириш кўзда тутилган. Марҳамат туманидаги “Роҳат” маҳалласида Фарғона политехника институти олимлари томонидан яратилган микро гидро электро станцияси ишга туширилди. Айни пайтда у маҳалладаги 200 та хонадонни электр энергияси билан таъминламоқда.

-Соатига 150 кВт қувват билан ишловчи қурилма бир кунда 1200 кВт электр энергиясини истеъмолга йўналтирмоқда,-дейди институт докторанти Дониёрбек Ботиров. -Афзаллик жиҳати шундаки, у қайта тикланувчи манбаа ҳисобига ишлайди. Бунинг учун маҳалла ҳудудидан оқиб ўтувчи “Катта Фарғона канали”дан фойдаланилмоқда. Ушбу каналда сув йил давомида бир хил маромда оқиши станциянинг узлуксиз фаолият юритишига сабаб бўлади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, вилоятда аҳолини электр энергияси билан мунтазам таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракталар бошлаб юборилган. Жорий йилнинг ўзида минглаб хонадонлар куз-қиш мавсумини талофотларсиз ўтказиши режалаштирилган. Хўш, бу амалда ўзини нечоғли оқлайди? Бунга тез кунда гувоҳ бўламиз. Муҳими, инсон манфаатлари, қадр-қимматига бўлган бугунги эътибор умид қиламизки, ўз самарасини беради.

Саминжон ҲУСАНОВ