Андижон 24

Брифинг: СОАТ 20:00 ГА ҚАДАР АНДИЖОН ВИЛОЯТИ БЎЙИЧА 1 700 199 НАФАР САЙЛОВЧИЛАРНИНГ 1 366962 НАФАРИ ОВОЗ БЕРДИЛАР


22.12.2019   2486

Ассалому алайкум, ҳурматли брифинг иштирокчилари,

қадрли ҳамюртлар!

Бугун 22 декабрь куни мамлакатимизда, шунингдек, Андижон вилоятида “Янги Ўзбекистон - янги сайловлар” шиори остида овоз бериш жараёни соат 20:00 да ниҳоясига етди.

Унда тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон Экологик партияси ўз номзодлари билан иштирок этди.

Овоз бериш жараёнлари 95 нафар аккредитациядан ўтказилган журналистлар, блогерлар, маҳаллий ва халқаро кузатувчилар иштирокида очиқ-ошкора ўтказилди.

Воқеликлар тезкор ва тўғридан-тўғривилоят сайлов комиссиясининг saylov.andijan.uz веб сайтида, Андижон вилоят телерадиокомпанияси, “Андижоннома” газетасининг «аuz.uz» расмий веб сайтида, uza.uz,daryo.uz,kun.uz ва бошқа ижтимоий тармоқларда мунтазам ёритиб борилди.

Бугунги кунда Андижон вилоятида Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатида эълон қилинган сайловчилар сони 1 миллион 700 минг 199 нафарни ташкил этди.

Вилоятда жами 21 мингдан зиёд ногиронлиги бор шахслар сайловчилар рўйхатига киритилган бўлиб, уларнингфаол иштирокини таъминлаш мақсадида сайлов комиссиялари томонидан зарур шарт-шароитлар яратилди.

Вилоятимизда ҳозирги кунда 82 нафардан зиёд 100 ёшдан ўтган табаррук инсонлар истиқомат қилади. Участка сайлов комиссиялари уларнинг хонадонларига кўчма сайлов қутилари олиб бориб, белгиланган тартибда овоз беришларини амалга оширдилар.

Овоз бериш жараёнида Марказий сайлов комиссиясидан аккредитациядан ўтган Европа хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг узоқ муддатли кузатувчилари ҳамда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси вакиллари ҳамда қисқа муддатли кузатувчилар кузатиб бордилар.

Вилоят сайлов комиссиясига овоз бериш жараёнида сайлов қонунчилигининг қўпол тарзда бузилиши ҳолатлари ҳақида мурожаатлар келиб тушмади.

Бугун 22 декабр соат 20:00 га қадар Андижон вилояти бўйича 1 700 199 нафар сайловчиларнинг 1 366962 нафари овоз бердилар. Бу сайловчилар барча сонига нисбатан 80,4ни ташкил қилади.

Барча сайлов участкаларида овоз бериш якунланди ҳамда овозларни санаш жараёни бошланди.

Эътиборингиз учун раҳмат!