ЖАМИЯТ

БОКУДА ЎЗБЕКИСТОН, ОЗАРБАЙЖОН ВА ҚОЗОҒИСТОН ДЕЛЕГАЦИЯЛАРИНИНГ УЧРАШУВИ БЎЛИБ ЎТДИ


15.11.2023   1113

Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон «яшил» электр энергиясини минтақа давлатлари ҳудудлари орқали учинчи мамлакат истеъмолчиларига ўтказишни ташкил этиш лойиҳасини муҳокама қилмоқда.

Бокуга ташрифи доирасида инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов кеча Ўзбекистон, Озарбайжон ва Қозоғистон тегишли вазирларининг электр энергиясини ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш масалалари бўйича уч томонлама учрашувида иштирок этди , деб хабар бермоқда «Дунё» АА. Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) маълумотига кўра, учрашувда, шунингдек, Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов, энергетика вазири Парвиз Шаҳбазов, Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев ва Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамахмудов қатнашди.

Суҳбат чоғида муқобил манбалардан ишлаб чиқарилган электр энергиясини минтақа давлатлари ҳудудлари орқали учинчи мамлакат истеъмолчиларига ўтказишни ташкил этиш лойиҳасини амалга ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Янги қувватлар ва иш ўринларини яратиш каби мультипликатив самарани назарда тутган ҳолда, лойиҳанинг амалга оширилиши кабель йўналиши бўйлаб жойлашган мамлакатларнинг энергетика соҳасидаги ҳамкорлиги ва инфратузилмаларини ривожлантириш учун муҳимлиги қайд этилди.

«Яшил» электр энергиясини узатиш лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш иқтисодиётимиз ва энергетика тизимларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга ёрдам беради, шунингдек, миллий энергетика тармоқларини ривожлантиришга замин яратади ва биз ушбу ташаббусни муваффақиятли амалга ошириш учун биргаликдаги ишларга ҳисса қўшишга тайёрмиз», - деди инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов.

Шунингдек, Озарбайжон ва Қозоғистон вакиллари давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган асосий мақсад – 2030 йилга келиб электр энергияси ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажмида қайта тикланадиган энергия улушини 40 фоизга етказиш доирасида юқори технологияли тармоқлар фаолиятини ва «яшил» иқтисодиётга ўтишни қўллаб-қувватлаш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан ҳам танишдилар.

Учрашувда лойиҳани амалга оширишнинг бир қатор муҳим жиҳатлари, жумладан, норматив-ҳуқуқий базани шакллантиришнинг асосий шартлари, техник-иқтисодий самарадорлигининг концептуал параметрлари ҳам муҳокама қилинди.

Музокаралар якунлари бўйича лойиҳа доирасида комплекс чора-тадбирларни амалга оширишга содиқлик билдирилди ҳамда келгусида идоралараро ҳамкорлик формати ишлаб чиқилиб, эришилган келишувларни муваффақиятли ҳаётга татбиқ этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси шакллантирилди.