Андижон 24

Апрель об-ҳавоси қандай бўлади?


30.03.2018   1528

Кўп йиллик кузатувлар натижасига кўра, апрель ойида ҳаво ҳароратининг тез фурсатда ортиши кутилмоқда.

Ойлик ўртача ҳарорат март ойига нисбатан 7 даражага ортади ва 14-16ога етади. Вилоятимиз бўйлаб апрель ойининг дастлабки беш кунлигида қуруқ ва мўътадил об-ҳаво кузатилади. Кунлик ўртача 11-13о атрофида бўлиши эса чигит экиш ишлари учун қулай бўлади.

Максимал ҳаво ҳарорати ой давомида 34-36о иссиқгача кўтарилади. Баъзан ҳароратнинг қисқа муддатга совуши эҳтимоли бор. Охирги марта вилоятимизда баҳор фаслидаги ҳароратнинг совуши 11-20 апрель кунларида кузатилган. Тупроқ қатламининг ҳарорати 1-3о совуқгача етган. Минимал ҳарорат эса 4-5о совуқ атрофида бўлган.

Ҳаво ҳароратининг 15о иссиҳдан ортиши билан шоли, полиз экинлари, помидор, бақлажон, булғор қалампири очиқ майдонларга экиш бошланади. Мевали дарахтларнинг жадал суръатда ривожланиши кузатилади. Дарахтларнинг кўп қисмида барг чиқариш, қора гилос, қўқон гилос, олма, слива, нок дарахтларида эса гуллаш тезлашади. Эрта гуллаган ўрик, шафтоли, олча, бодом дарахтлари мева ҳосил қилиш даврига ўтади. Ойнинг бошида буғдойда найчалаш тезлашиб, бошиқлаш даврига ўтади.

Вақтида ва илғор қўлланган чигит экиш агротехник тадбирлардан бири ҳисобланади, бу эса ўз навбатида ҳосилдорликка таъсир кўрсатади.

Вилоятимзда плёнка остига чигит экиш тупроқнинг 5-10 см чуқурлигидаги ҳарорат 10-12о илиқ етганда бошланади. Ҳарорат 13-14о илиққа етганда ўсиш тезлашади.

Бу ойда ёғингарчиликлар кўпроқ кузатилади ва одатда 1 дан 85 мм гача етади. Кўп йиллик кузатувларга кўра, кўп туманларда ёғинлар миқдори 17-27 мм шарқий тоғолди ҳудудларда 44 ммни ташкил қилади. Баъзан 2-3 марта дўл ёғиши, чақмоқ чақиши кузатилади.

Ўавонинг ўртача ойлик ҳарорати меъёр атрофида, баъзи жойларда меъёрдан 1-1,5 га юҳори бўлиб, 14-17о иссиқни ташкил этади.

Биринчи ўн кунликда ҳарорат кечаси 3-8о илиқдан 8-13 илиқгача, кундузи 12-17о иссиқдан 20-25 иссиқгача ўзгариб туради.

Иккинчи ва учинчи ўн кунликда ҳарорат кечаси 3-8о илиқдан 13-18о иссиқгача, кундузи 12-17о иссиқдан 28-33о иссиқгача кўтарилади.

Ойлик ёғин миқдори меъёридан кам, баъзи жойларда меъёр атрофида бўлади. (меъёр 17-44 мм, тоғолди ҳудудларда 63-95 мм гача).

Ой давомида вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғирлар ёғиши кутилмоқда.

Д. Мадаминов,

Андижон об-ҳавони кузатиш марказининг мутахассиси/