АТРОФГА НАЗАР

АНДИЖОНДА ЯНГИ ЙИЛ САВДО ЯРМАРКАЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ


14.12.2023   3484

Юртимизнинг барча жойларида Янги йил байрамишукуҳи кезмоқда. Жумладан Андижонда ҳам байрамни кўтаринки руҳда ўтказиш учун зарур чора тадбирлар олиб борилмоқда. Андижон шаҳридаги маҳалла гузарларида, аҳоли гавжум ҳудудларда арзонлаштирилган савдо ярмаркаларининг ташкил этилиши бунга бир мисол бўла олади.

Оммавий байрам тадбирлари ўтказилиши белгиланган ҳудудларда янги йил байрами арчалари ўрнатилиб, турли кўнгилочар тадбирлар ташкил этилмоқда. Шунингдек, халқимизнинг байрам дастурхони тўкин бўлишини таъминлаш, нарх-навони кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг арзонлаштирилган нархлардаги савдо ярмаркалари йўлга қўйилди.

Ярмаркаларда деҳқон фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган сифатли ва сархил мевалар, сабзавот ва полиз, шунингдек, асал, сут, тухум, гўшт, балиқ, жами 50 дан ортиқ турдаги озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари аҳолига тақдим этилмоқда.

– Ҳудудимизда асосан кўп қаватли уйлар жойлашган, – дейди Андижон шаҳридаги 5- сон МФЙ ўрамида яшовчи, фуқаро Башоратхон Олимбекова. – Ушбу савдо ярмаркаси кўп қаватли уйларда яшовчилар учун катта қулайлик яратмоқда. Аҳоли учун энг зарур озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бозордагига нисбатан арзон нархларда эканлиги барчани мушкулини осон қилиб, бирдек хурсанд қилмоқда. Бундан ташқари аҳолига қулайлик яратиш билан бирга, байрам кайфиятини кўтаришга қаратилган мусиқийтадбирлар каттаю кичикка завқ бағишламоқда.

Нуржаҳон ЙЎЛДОШЕВА,

Муаллиф олган суратлар.