АТРОФГА НАЗАР

АНДИЖОНДА «СУВ ТЕКИНМИ» ЁКИ?.. (+видео)


26.10.2023   699

Халқимизда “сув текин” деган ибора бор. Нега шундай дейишади. Биз Кампировот сув тозалаш иншооти бошлиғи Абдумажид Мамасиддиқовга юзландик.

– Бир пиёла тоза ичимлик сувининг нархи қанча?

– Бир пиёласи қанчалигини билмайман-у, етказиб берилаётган 1 кубометр тозаланган ичимлик суви аҳоли учун 1500 сўм туради.

Шундай қилиб, аҳолига 1 кубометр, яъни минг литр тоза ичимлик суви етказиб беришнинг нархи бир ярим минг сўм. Бу рақам ёдингизда турсин.

Бу тасвирлар Кампировот сув тозалаш иншоотида олинган. Кампировот, баъзида Андижон сув омбори деб аталувчи улкан ҳавза аслида 2 млрд метр куб сиғимга эга. Қўшни икки давлат раҳбарлари бу ерда 800 миллион метр куб сув сақлаш ва биргаликда фойдаланишга келишиб олдилар. Бугун бу сув омбори водий аҳолисининг тоза ичимлик сувга бўлган эҳтиёжини қондирувчи муҳим стратегик аҳамиятга эга манбага айланган. Ундан олинган сув дастлаб махсус ёпиқ сиғимларда тиндирилади.

– Иншоотда бир кеча–кундузда 200 минг метр куб сувни тозалаб, зарарсизлантириб, вилоятнинг Қорасув, Қўрғонтепа, Жалақудуқ ва Андижон шаҳри аҳолисига эҳтиёжидан келиб чиқиб етказиб берилмоқда, – дейди Абдумажид Мамасиддиқов.

Ичимлик суви истеъмолчи уйидаги жўмракларга боргунча жуда катта жараён ва йўлни босиб ўтади. Тиндирилган сув дастлаб сиғимларда фильтрланади, яъни тозаланади. Сиғим ости беш қатлам бўлиб, сув уларга сингади ва шу қатламлар остидаги қувурларга ўтади.

– Фильтр таркибида биринчи қатламда йирик тош, кейин майда тош, шебень, йирик қум ва сўнгги бешинчи қатламда кварц қумлари бўлиб, тиндирилган сув шу тариқа тозаланади, – дейди фильтрлаш цехи оператори Алишер Айсақов.

Ҳар куни, баъзан заруратга қараб фильтрлар лойқа ва таркибий зарарли заррачалардан тозаланиб турилади. Бунинг учун фильтр қатламлари остида кучли пуркагичлар бўлиб, улар энди сувни ост томонидан юқорига юргазади ва шу тариқа чўкиндилардан тозалайди. Фильтрланган сув қувурлар орқали реагент ва хлорлаш бўлимларига ўтади. Ҳар бир жараён электрон жиҳозларда бажарилади ҳамда бошқарилади. Ҳатто шундан кейин ҳам тозаланган, зарарсизлантирилган ичимлик суви истеъмолчига юборилмайди. Энди энг масъулиятли жараён бошланади. Бу лаборатория таҳлилларидир. Йигирма тўрт соат ишлайдиган лаборатория, унинг муҳандис ҳамда таҳлилчи лаборантлари зиммасида жуда катта масъулият бор. Лаборатория “яроқли” деган тамға босмас экан, бир хўплам сув ҳам иншоотдан ташқарига чиқарилмайди. Лаборатория эса Европа, Осиё, Америкада ишлаб чиқарилган нодир жиҳозлар ёрдамида ишлайди.

Сув таркиби икки усулда, кимёвий ва органолептик таҳлил қилинади.

– Кимёвий таҳлилларда сувнинг таркибидаги хлор миқдори, калций, магний, хлорид тузлари ҳамда сувнинг ишқорийлиги, оксидланиши ўрганилади, – дейди лабаратория муҳандис-кимёгари Насибахон Хамробоева. – Органолептик таҳлилда эса ранги, ҳиди, таъми, лойқалиги аниқланади. Бу таҳлиллар кеча-кундуз давомида ўтказилиб борилади.

Шундан сўнггина диаметри 80-100 сантиметр бўлган ичимлик суви учун махсус ишлаб чиқарилган қувурларда узатилади. Масалан, Андижон шаҳрига етиб келгунча у 80 километрга оқиб боради.

Маълумки, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи чоғида шаҳар-туманлардаги ичимлик суви таъминотини янада яхшилаш мақсадида Кампировотдан янги сув тармоғи тортиш вазифасини қўйганди. Кейинчалик бу масала Осиё тараққиёт банки билан ҳам муҳокама қилинди. Шу кунларда нуфузли халқаро молия институти вакиллари Фарғона ва Андижон вилоятларида бўлиб туришибди.

– Ўзбекистонда ичимлик суви таъминоти ҳамда оқова сув тармоқлари фаолиятини яхшилаш лойиҳаси учун Осиё тараққиёт банки 270 миллион доллар имтиёзли кредит ажратмоқда, – дейди Осиё тараққиёт банкининг шаҳарсозликни ва сув таъминотини ривожлантириш бошқармаси раҳбари Цзинмин Хуан. – Унинг 150 миллион доллари Капировот сув тозалаш иношооти орқали Фарғона вилоятига тоза ичимлик суви таъминлаш лойиҳасига йўналтирилади.

Хўш, янги лойиҳа амалга ошса, сув тозалаш иншоотини қандай янгиликлар кутмоқда?

– Осиё тараққиёт банки вакиллари иншоотни ҳамда Фарғона вилоятига ичимлик сувини етказиб бериш масаласини ўрганиб чиқяпти. Унга кўра, Андижон вилоятида яна бир кеча-кундузда 100 минг метр куб, Фарғона вилояти учун 100 метр куб қувватга эга 2 та иншоот қурилади, – дейди Абдумажид Мамасиддиқов. – Шунда, Кампировот сув тозалаш иншоотининг бир кеча-кундузлик қуввати 400 минг метр куб ичимлик суви ишлаб чиқаришга етади.

Янги иншоотлар қуриш, тоза ичимлик суви ишлаб чиқариш, юзлаб километрга асосий қувурларда, сўнг кўча, уй, хонадонларга тармоқ қувурларида сиз истеъмол қиладиган сувни етказиб бериш харажатлари унинг таннархидан юқори эканини энди ҳис қиляпсизми?

Мақола бошидаги рақамларни эсланг ва энди бунисига эътибор қилинг.

Биз турли сиғимдаги қадоқланган сув сотилаётган дўконга кирдик.

– Газланмаган 1 литрлик сув борми?

– Ҳа, бор.

– У неча пул туради?

– 4000 сўм, – дейди сотувчи.

Шундай қилиб, бир литр, аммо қадоқланган оддий, газланмаган сувни 4 минг сўмга харид қиляпмиз. Лекин уйингизга айнан шу сифатга эга келтириб берилган 1 метр куб, яъни 1000 литр қадоқланмаган сувга яқинда ўзгартирилган нарх билан атиги бир ярим минг сўм тўлаяпсиз.

Хўш, “сув текин” иборасидан воз кечиб, тоза ичимлик сувини унинг таннархига қараб баҳолаш вақти келмадими?


Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (видео), ЎзА