ЖАМИЯТ

17 НОЯБРЬ — ХАЛҚАРО ТАЛАБАЛАР КУНИ БАРЧА ТОЛИБИ ИЛМ АҲЛИГА МУБОРАК БЎЛСИН


17.11.2023   1621

Маълумки, 17 ноябрь — Халқаро талабалар куни сифатида кенг нишонланади. Мазкур кунни талаб-ёшлар томонидан хурсандчилик ила нишонлаш анъана тусини олган. Аммо ушбу куннинг келиб чиқиш тарихига назар солсак, ғоят фожиалидир. Бундан эса кўпчилик хабардор бўлмаслиги мумкин.

Маълумотларга кўра, 1939 йил 28 октябрда Прагадаги Чарлз университети талабалари Чехословакия Республикаси мустақиллигининг 21 йиллик байрами муносабати билан митинг ўтказади. Ушбу намойиш фашист босқинчи кучлари томонидан шафқатсизларча бостирилади. 15 нафар талаба оғир яраланади ва улардан бири икки ҳафта ўтгач, жароҳат оқибатида вафот этади. Бундан қайғуга тушган талабалар 15 ноябрь Прага шаҳри бўйлаб дафн маросимини фашист кучларига қарши намойишга айлантириб юборади.

1200дан ортиқ талабалар ҳибсга олинади. 1939 йил 17 ноябрда намойишчиларнинг 9 нафари — 8 талаба ва 1 нафар профессор қатл этилади. Депортация қилинган 1200 нафар талабадан камида 20 нафари қамоқда омон қолмайди. 1941 йилда Лондонда Халқаро талабалар кенгаши бўлиб ўтади ва Кенгашда ушбу воқеа муносабати билан талабалар қатл қилинган сана — 17 ноябрь — Халқаро талабалар куни деб эълон қилинган.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни олий таълим билан қамраб олиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2021/22-ўқув йили бошига республикамиздаги олий таълим муассасаларида таълим олаётган талабалар сони 808,4 мингтани ташкил этган. Шундан талаба йигитлар 439,4 минг, талаба қизлар 369 мингни ташкил қилади.

— Бугун Янги Ўзбекистонимизда биз ёшларга барча имкониятлар эшиклари очиқ. Ўқиш, билим ва малакамизни ошириш учун кенг шароитлар яратилган, — дейди Ўзбекистон миллий университети талабаси Диёра Рамазонова. — Бундан унумли фойдаланиб, ўз устимизда ишлашимиз, замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлишимиз, ахборот технологиялари имкониятларини фаол қўллай билишимиз лозим. Зеро, бугунги халқнинг эртанги келажаги биз ёшларга боғлиқ экан, Учинчи Ренессансга пойдевор қўйиш мақсади олдимизда турган экан, шунга муносиб бўлишимиз зарур.

Манба