ЖАМИЯТ

ЖУРНАЛИСТЛАР ИЖОДИЙ УЮШМАСИ ВИЛОЯТ БЎЛИМИГА ЯНГИ РАИС САЙЛАНДИ


10.12.2021   948

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Андижон вилоят бўлимининг раҳбар органларини сайлашга бағишланган умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбирда уюшма раҳбарияти ва аъзолари, маҳаллий ва марказий ОАВ вакиллари, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 10 августдаги "Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори уюшма фаолиятида янги босқични бошлаб берди. Унинг миллий медиа муҳитдаги ўрнини кучайтириш учун шарт-шароитлар яратди. Илк бор уюшманинг молиявий манбаи белгиланди. Шу вақтга қадар жамоатчилик асосида ишлаб келган ҳудудий бўлимлар учун штат бирликлари белгиланиб, ойлик маош тайинланди. Қисқа қилиб айтганда, қарорда белгиланган чора-тадбирлар мамлакатимиз журналистикасининг жаҳон ахборот майдонидаги нуфузини ошириш йўлидаги муҳим қадам бўлди.

Йиғилишда уюшманинг вилоят бўлимига кўп йиллардан буён раҳбарлик қилиб келган устоз журналист Назиржон Саидов ўз аризасига биноан лавозимидан озод этилганлиги таъкидланиб, унинг кўп йиллик самарали меҳнатлари алоҳида қайд этилди ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси бошқарув раиси Олимжон Ўсаров янги сайланадиган раҳбар органлари олдида турган қатор вазифаларга тўхталди. Хусусан, вилоятда фаолият олиб бораётган ОАВлар билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, уларни қўллаб-қувватлаш, фаол журналистларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, кекса ва хаста журналистлар ҳолидан хабар олиш, уюшмага аъзолик билан боғлиқ масалалар ҳақида сўз юритди. Вилоят бўлими жамоасига Андижонда фаолият олиб бораётган журналистларни жипслаштириш орқали оммавий ахборот воситаларининг замон руҳи билан ҳамоҳанглигини кучайтиришга муносиб ҳисса қўшишида муваффақиятлар тилади.

Йиғилишда уюшманинг Андижон вилоят бўлимига "Андижон тонги" газетаси муҳаррири Маҳпурахон Ортиқова раис этиб сайланди. Шунинг-дек, уюшма бошқарув аъзолари ва тафтиш комиссияси сайланди.

Тадбир доирасида бир гуруҳ журналистларга уюшма аъзолигига қабул қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳномалар, қатор газеталар таҳририятларига газетани лотин алифбосида чиқаришда кўмак берувчи махсус электрон дастур топширилди.

Тадбир якунида бошқарув аъзолари ва тафтиш комиссияси зиммасига юклатилган вазифалар юзасидан фикрлар билдирилди, амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгиланди.