ЖАМИЯТ

ЖИРКАНЧ ЮМУШНИ КАСБ-КОРИГА АЙЛАНТИРИБ ОЛГАН ШАХС ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ


28.08.2022   866

Кишида ният бузилиб, фикру хаёлини банд эта бошладими, то боши деворга урилмагунча ўзининг жирканч ҳаракатини тўғри деб маъқуллайверар экан. Қилмишлари тасдиғини топиб, жазо муқаррарлиги аён бўлганда эса, “шайтон йўлдан урди” деб тавалло қилишга тушаркан. Судҳукми билан тўрт йилга “кесилган” андижонлик 28 яшар Ёрқиной Шокирова (исм-шарифлар ўзгартирилди) ҳам ана шундай пушаймонлик гирдобига ботганлардан бири.

Гап шундаки, вояга етмаган С.Н. тақдир тақозоси билан Ёрқинойга рўпара бўлиб, бир неча кун бу аёлнинг ижара уйида истиқомат қилади. Ёрқиной қизнинг ортидан яқинлари йўқлаб келмаганлигидан фойдаланиб, унинг туғилганлик гувоҳномасини олиб қўяди ҳамда уни фоҳиша сифатида ёллаб, 150 минг сўм эвазига бир эркакка қўшиб беради. Бу жирканч ҳолат учун уйида шароит ҳам яратиб беради.

Ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўрганила бошлагач, Ёрқиной ножўя ҳаракатларидан очиқчасига тона бошлади. Жумладан, судда ҳам С.Н.нинг вояга етмаганлигиданбехабар эканини, чунки кўринишидан ёши катта қизга ўхшашини, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини олиб қўймаганлиги-ю, уни “кўчада қолиб кетдим” дегани учун уйига олиб кирганини таъкидлаб, айбини тан олмади. Аммо жиноий ҳаракатларига кўзгу тутувчи исботу далиллар етарлича эди.

Мазкур иш вилоят судининг апелляция инстанциясида ҳам кўриб чиқилди ҳамда жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди томонидан Ёрқинойга нисбатан белгиланган жазо ўзгаришсиз қолдирилди.

Гарчи судланувчи оилавий шароити яхши эмаслигини, вояга етмаган икки нафар боласи ҳамда опасининг бир нафар фарзанди ҳам ўзининг қарамоғида эканини таъкидлаб, енгиллик сўраган бўлса-да, судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг ҳукмини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асослар мавжуд эмас деганхулосага келди. Зотан, ҳолат вояга етмаган шахснинг ор-номуси билан боғлиқ масала экан, ҳеч қачон жазосиз қолмайди.

Нодирбек МИРЗАЖОНОВ,

Андижон вилояти судининг судьяси.