102

ЖИНОЯТЧИЛИКДАН ХОЛИ ҲУДУД


04.10.2023   675

Андижон вилоятининг Балиқчи туманидаги “Сортепа” МФЙда икки йилдирки, умуман, жиноятчилик содир этилмади. Шу боис у вилоятдаги энг жиноятчиликдан холи ҳудуд, дея тан олинган. Хўш, бунга қандай эришилмоқда? Маҳалла профилактика катта инспектори Хожиакбар Мирзакаримов билан суҳбатимиз давомида шу каби саволларга жавоб изладик.

-Маҳалламиз “Тошкент-Ўш” халқаро магистрал йўл ёқасида жойлашганлиги боис унинг масъулияти жуда катта,-дейди Хожиакбар Мирзакаримовсуҳбатда. –Шу боис ҳудудда аҳолига боғлиқ бўлмаган жиноят турлари содир этилиши ҳам мумкин. Бироқ, ҳамма нарсанинг имкони бор. Биз мана шундай манзилда хизмат қилаяпмиз экан, деб ўтираверсак, албатта жиноятлар сони ортаверади. Энг аввало, ҳудудни назорат камералари билан таъминладик. Бунда асосий марказий йўлдан ташқари, ички кўчаларни ҳам исталган пайтда кузатиш имкони яратилди. Қолаверса, ҳар бир кўчанинг ўз кўчабошиси бор. Улар маҳаллада ўз обрў-эътиборига, ҳурматига лойиқ инсонлар орасидан танлаб олинган. Бирор кор-хол бўлмасидан олдин уларнинг ҳаракатларини сезиш мумкин.

Айни пайтда маҳалламизда 2299 нафар аҳоли истиқомат қилмоқда. Бу йил иккинчи йилдирки, бирорта ҳам жиноят содир этилмади. Тўғри, 18 та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари қайд этилди. Уларнинг аксарияти жамоат тартибини бузганлиги, спиртли ичимликлар истеъмол қилганлиги учун содир этилган. Ҳуқубузарларнинг барчаси қатъий назоратимизга олинган, улар билан бир йил давомида тарбиявий-назорат ишларини олиб борамиз. Бу эса, жиноят йўлига кириб қолмасликларига сабаб бўлади.

Агар эътибор қилсангиз, барча иллатлар бекорчиликдан юзага келади. Шу боис аҳолини иш билан таъминлаш масаласига катта эътибор қаратамиз. Мисол учун, йилнинг ўтган даври мобайнида 40 нафар фуқарларни доимий даромад манбаига эга қилдик. Уларнинг аксарияти ҳудудимиздаги пиллачилик корхонасида ишлаётган бўлса, айримлари қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилинган. Ана шундай имкониятга эга бўлган ёшларимиз 10 сотих майдонда бир йилда уч мартагача ҳосил олиб, 10-15 миллион сўмгача даромад топишяпти.

Аслини олганда, ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича бутун республикамизда бир хил кўрсатма амал қилади. Бироқ, ҳар бир ҳудуднинг ўз хусусиятлари бўлади. Биз ана шу хусусиятларни илғаб олишимиз керак. Давлатимиз раҳбари бекорга профилактика инспекторлари хизмат уйларини айнан маҳаллада жорий этмади. Шахсан мен ўзим ҳам мана шу манзилда истиқомат қиламан. Аҳоли бирор кор-хол бўлса энг аввало, менинг ҳузуримга ошиқади. Унинг муаммоси балки бошқа соҳага тааллуқли бўлса ҳам имкон қадар амалий ёрдам кўрсатишга ҳаракат қиламан. Қолаверса, тўй борми, аза борми, ҳамма тадбирларда шунчаки иштирок этиб қўймай, халқимиз билан елкама-елка тураман. Дам олиш кунлари ҳамвелосипедимни минганча, бутун маҳаллани айланиб чиқаман. Кимдир кўчасида бирор иш билан банд бўлса дарроов кўмаклашаман, кимнингдир гапига қулоқ солиб, ҳамфикр бўламан. Бир сўз билан айтганда, мана шу маҳалланинг ҳақиқий аъзосиман. Шу боис ҳам қўшниларимиз ҳурмат қилишади, менга ишонишади. Жиноят содир этишдан ўзларини тийишади. Муаммолари бўлса у газак олиб кетмасидан биргаликда хал қиламиз.

Хулоса ўрнида айтишим мумкинки, профилактика инспектори билан халқ ўртасидаги масофани яқинлаштириш керак. Ички ишлар ходими айнан мана шу аҳолининг бир қисми бўлиши шарт. Шундагина ҳудудда жиноятчилик содир этилмайди.

Саминжон ҲУСАНОВ ёзиб олди.