Андижон 24

«ЖАСОРАТ»НИНГ АЁЛЛАРИ САЛОМАТЛИК УЧУН ВЕЛОСИПЕДДА САЙРГА ЧИҚАДИЛАР


24.08.2023   882

Балиқчи туманининг Жасорат маҳалласи аёл-қизларини соғлом турмуш тарзига амал қилувчилар ёки велоспортчи аёллар деб ҳам аташ мумкин. Тонг пайти аёллар саломатлик учун велосипедда сайрга чиқадилар.

Ҳудуддаги ёши улуғ онахонларнинг ҳам велосипед ҳамда спортнинг бошқа турлари билан шуғулланиши бизни ҳайратлантирди. Улардан бири – 83 ёшни қаршилаётган Нодира Имомова.

- Эрталаб намоздан сўнг велосипедни олиб сайрга чиқаман, – дейди Нодирахон ая Имомова. - Маҳаллада мен сингари спорт билан мунтазам шуғулланиб келаётган аёллар жуда кўп. Шунинг учун ҳам, маҳаламизда касал бўлганлар кам, деярли йўқ. Ёшим саксон учга яқинлашиб қолди. 12 ёшимдан велосипед ҳайдашни бошлаганман. Мана шу велосипедим адашмасам ўн саккизинчиси, бунисини вилоят ҳокимимиз совға қилган. Тўғриси, 14-15 ёшли қизлар билан велосипедда мусобақалашсам ютаман. Спорт билан мунтазам шуғулланиш инсонни ёшартиради. Унинг шарофати билан ҳеч ким мени саксон уч ёшда деб ўйламайди.

Кўчада турли юмуш билан велосипед миниб юрган аёлларни кўрдик. Кўпчилик аёллар ҳар куни фарзандларини боғчага икки ғилдиракли дўстида олиб борар экан. Маҳалладаги тўй-тўркинларга ҳам машина кутиш йўқ, велосипедда бориб қўйишади.

Жасоратликлар нафақат велосипед, балки спортнинг бошқа турлари билан ҳам шуғулланиб турадилар. Айниқса, аёллар маҳалладаги спорт зал ва спорт майдонда жам бўлиб, волейбол, гимнастика ҳозирда янгилик қилиб футбол билан ҳам шуғулланишиб келмоқда.

Маҳалла спорт мажмуасида аҳоли билан мураббийлар оиласидан бўлган Муқаддамхон Турғунова шуғулланади.

Маҳалла аёллари туман, вилоят ва республика миқёсидаги кўплаб мусобақаларда иштирок этиб, фахрли ўринларни олиб келишмоқда.

Бундай маҳалла бошқа ерда йўқ. Мана шундай – спортга ошно, эрта тонг ёки кечки пайт барча бирдек саломатлик учун ҳаракат қиладиган маҳаллалар кўпайишини истаб қоламиз.

Азиз андижонликлар, ўзбегим аёллари, ўзингиз учун кунига бир соат спорт билан шуғулланинг. Велосипед мининг, юринг-югуринг, гимнастрада билан шуғулланинг. Сиз ўзингиз, оилангиз учун доим соғ ва саломат бўлишингиз керак!

Auz.uz online гуруҳи.