Андижон 24

ЖАҲОН ТАРАҚҚИЁТИ БАНКИ ВАКИЛЛАРИ АНДИЖОНГА ТАШРИФ БУЮРИБ, АҲОЛИ БИЛАН УЧРАШДИ


05.05.2023   389

Маълумки, 2019-2024 йилларга мўлжалланган лойиҳага кўра Жаҳон банкининг кредит маблағлари ҳисобидан Андижон, Чирчиқ, Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларининг марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Жумладан, Андижон шаҳридаги 5-кичик даҳада “Adolat Qurilish Servis” МЧЖ томонидан 6,4 км. масофага қувур тортиш ишлари якунига етказилаётган бўлса, “Bell-far Partners” МЧЖ томонидан индивидул иссиқлик пунктлари учун блок контейнерларни ўрнатиш ишлари якунланмоқда.

— Режага биноан Андижон шаҳридаги иссиқлик манбаи ишлаб чиқарувчи 3 та қозон ҳамда 27,5 км узунликдаги иссиқлик узатиш тармоқларини алмаштириш кўзда тутилган, — дейди Андижон вилоят Иссиқлик манбаи бошлиғи Муҳаммадзоҳид Тўхтабоев. — Шунингдек, 373 та индивидул иссиқлик пунктлари ўрнатилади.

Амалга оширилаётган ишлар якунига етгач, вилоят марказидаги мавжуд 5 та кичик туманда жойлашган 271 та кўп қаватли уйлар ҳамда 30 та ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз иссиқлик энергияси ва иссиқ сув билан таъминлаш мумкин бўлади. Бунинг учун 24,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.

Бугун марказлашган иссиқлик таъминоти тизимини реконструкция қилиш ишлари билан танишиш ҳамда аҳоли билан учрашиш мақсадида Жаҳон тараққиёти вакиллари Андижонга ташриф буюрди.

Меҳмонлар дастлаб, вилоят марказида Жаҳон банкининг кредит маблағлари ҳисобидан қурилаётган марказлашган иссиқли манбаида олиб борилаётган ишлар билан танишдилар. Шундан сўнг, Андижон шаҳрида жойлашган мусиқа мактаби мажлислар залида иссиқлик энергияси ва иссиқ сув билан таъминлаш кўзда тутилаётган ҳудудлардаги аҳоли ва маҳалла фаоллари билан учрашдилар. Тадбир давомидан йиғилганларнинг саволларига атрофлича жавоб бердилар.

Auz.uz online гуруҳи.